Газетамиз «Жамият ва мен» ижодий танлови ғолиби

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг бажарилиши устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг роли” мавзусида республика анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан босма нашрларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, жамият ҳаётида кечаётган жараёнларни тезкор, холис ва ҳаққоний, таҳлилий жиҳатдан юксак савияда ёритилган материаллар билан бойитиш, рақобатбардош бўлиши, нуфузи ошишига кўмаклашиш, журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, иқтидорли муаллифларни рағбатлантириш ҳақида сўз юритилди. Тадбирда газета, журналлар, ахборот агентликлари ва интернет нашрлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасида “Жамият ва мен”, “Инсон ҳуқуқлари – журналист нигоҳида” ижодий танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мазкур танловларга 39 та таҳририят ва 9 та турли ташкилотлардан жами 1048 та ижодий ишлар келиб тушган эди. Ғолиб ва совриндорларларни аниқлашда мавзунинг долзарблиги, ижтимоий аҳамияти, материални ёритишдаги аниқлик ва ўзига хослик, профессионал маҳорат асосий мезон қилиб олинди.

“Жамият ва мен” Республика танловининг “Соғлом она ва бола” Давлат дастури ёритилиши” йўналиши бўйича иштирок этган “Фарғона шифокори” газетаси таҳририяти Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг махсус дипломи ва қимматбаҳо совғаси билан тақдирланди.
Ушбу танловлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа инситутларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги асосида амалга оширилди.

Дўстларингизга улашинг: