Ҳаракат – бу ҳаёт эканлигини қачон англаб етамиз?

Аҳолининг кенг қатламини бадантарбия билан шуғулланишга, турли машқларни мунтазам бажаришга жалб қилиш учун яна қандай йўл тутиш керак?

Жисмоний тарбия муҳимлигини кўрсатиш учун ҳаракат – бу ҳаёт эканлигини, ҳаракат қилмаган одам ўз умрига зомин бўлишини аниқ мисоллар орқали кўрсатиш зарурдай, назаримда. Чунки бу ўта муҳим вазифани бошқа йўл билан тарғиб қилиш оғир кечмоқда. Жисмоний машқлар инсоннинг барча аъзолари, жумладан, улардан ўта муҳими бўлмиш  юракнинг тўлақонли фаолият  юргизишида катта аҳамиятга эга эканлиги, бусиз  қон айланиш тизими яхши ишламаслиги ва бу оғир касалликларга сабабчи бўлиши ана шу мисоллар орасида энг зарурлари ҳисобланади.

Соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний тарбия машқларининг инсон саломатлиги учун аҳамияти беқиёс. Улар одамга нафақат тетиклик бахш этади, балки турли касалликларнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради. Жисмоний тарбия машқлари: инсонга куч-қувват бағишлайди; суякларда кальций, фосфор,  микроэлементларнинг ўзлаштирилишини ва суякнинг зичлигини оширади; юрак ва томирларда, шунингдек, ўпкада қон айланишини тезлаштиради; марказий нерв тизими озиқланишини кучайтириб, асабларни тинчлантиради; иродали бўлишга ёрдам беради;  хотира ва уйқуни яхшилайди; стрессларни енгиш осон кечишида кўмаклашади; қадди-қоматни чиройли қилади.

Жисмоний машқларнинг инсон саломатлигига ижобий таъсири, кўплаб касалликларни олдини олиш ва даволашдаги аҳамиятини кўрсатувчи минглаб мисоллар келтириш мумкин. Айрим юртдошларимизга жисмоний машқларнинг мўъжизавий кучини кўрсатиш учун шундай қилиш ҳам керакдир?! Чунки мактаб остонасини тарк этгач, аксарият жисмоний машқларни бажармай қўяди.

Ушбу сатрларни ўқиб туриб айримлар “гапириш, маслаҳат бериш осон, бу борада ўзингиз нима қилаяпсиз?”, деган саволни бериши турган гап. Шу сабабли ўзимнинг тажрибам мисолида юқорида айтганларимга аниқлик киритмоқчиман. Мактабда ўқиб юрган пайтимдан бошлаб бадантарбия машқларини бажариб келаман.

Шунга қарамасдан бундан 7 йил аввал бўйин ва бел остеорохондрози хасталигини орттирдим. Бу кўп ўтириб ишлашим, бошимни бир хил тутиб, узоқ муддат компьютернинг мониторига қарашим оқибати эди. Мутахассисларга мурожаат этиб, керакли муолажаларни олдим. Аммо махсус адабиёт билан танишгач, бу билан чекланиб бўлмаслигини, яъни фақат дори-дармон билан умуртқа поғонаси муаммосини ҳал этиш  мумкин эмаслигини англадим. Бадантарбия машқларининг ўзи организмнинг саломатлигини тўлиқ сақлаш учун озлик қилиши, махсус машқлар ҳам зарурлиги аён бўлди.

Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, жисмоний машқлар турини ўзгартириб бордим. Умуртқа поғонасини мустаҳкамлаш ва соғлом сақлашга қаратилган 20дан ортиқ машқни бажариш одатимга айланди. Шунингдек, олти йилдан бери ҳар куни Тибет ламаларининг машҳур 5та машқини бажараяпман. (Айтганларимнинг тасдиғи сифатида мақолага илова қилиб, айрим суратларни жойлаштирдим). Натижада умуртқа поғонамдаги муаммолар барҳам топди. Шукр, ўзимни тетик сезаман, қоматимни тик тутиб, кайфиятим доимо яхши бўлишига интиламан.

Албатта, юқорида келтирилган таклифу мисолларни ўқиганлар дарров бадантарбия қилишга, жисмоний машқлар бажаришга киришади, деган фикрдан йироқман. Чунки бу мавзуда жуда кўп гапирилишига қарамасдан, ҳали чўзилиб ётишни, бир соат, ярим соат ортиқроқ ухлашни ёқтирадиганлар, жон куйдирмасдан хасталикдан халос бўлишга интиладиганлар оз эмас. Бундайлар “ҳаракат – бу ҳаёт” деган азалий ҳикматга умуман эътибор қаратишмайди. Мисли шиордек кўп жойларда учрайдиган бу сўзларни улар оддий бир  даъват сифатида қабул қилишади.

Шуни инобатга олиб, ҳаракат – бу ҳаёт эканлигини исботловчи аниқ мисоллар келтирмоқчиман. Токи жисмоний машқларни бажармаётганлар ўз ҳафсаласизлик ёки дангасаликларини оқлаш имконига эга бўлишмасин.

Юз минг йиллар давомида югуриш, жисмоний ҳаракат инсоннинг қаттиқ  ҳаяжонланишига, асабининг  кучли қўзғалишига нисбатан жавоби бўлиб келган. Одам қаттиқ асабийлашганда қондаги адреналин миқдори кўпаяди ва бу ҳаракатланиш имкониятини оширади. Қадимги замонларда одам бирор хавф сезганда, масалан, унга ёввойи ҳайвон ҳужум қилганда, ё ҳайвонга ташланган ёки ундан қутулиш учун қочган. Яъни одам қаттиқ ҳаяжонланган пайтида югурган, ҳаракат қилган.

Минг йиллар ўтиб, инсоннинг яшаш тарзи ўзгарган бўлса-да, аммо унинг биологик тузилиши ўзгармаган. У замонларда тирикчилик илинжида одам кўп ҳаракат қиларди, вақтини ва кучини озиқ-овқат топишга, ўзини ҳимоялашга сарфларди. Эндиликда замонавий техника ва технология ишни енгиллаштирди, рўзғор юмушларида ҳам қўл меҳнатининг ўрни камайиб бормоқда. Натижада ҳаракатсизлик, кўп ўтириш кейинги йилларда ортиб бораётган касалликларнинг асосий сабабига айланди.

Ушбу касалликлардан кенг тарқалгани юрак-томир тизими хасталигидир. Бу борада мутахассислар фикри билан қизиқиб, Интернетдан кўпгина фойдали маслаҳатларни топдим. Уларни диққат билан ўқиганлар ҳаракат ҳақиқатан ҳам ҳаёт эканлигини англаб етса керак, деб ўйлайман. Амалий аҳамаятга эга бўлган ўша илмий хулосаларнинг қисқача баёни қуйидагича.

Жисмоний ҳаракатлар нафақат мушакларга ва уларни ривожлантиришга, балки юракнинг бир маромда ишлаб, бутун организмни қон билан таъминлашига хизмат қилади. Юракнинг ўзи организмда қон айланишининг 70-80 фоизини таъминлайди. Қолганини склет мушаклари бажаради. Улар кучли насос каби ҳаракат қилишини назарда тутиб, физиология ва геронтология бўйича йирик мутахассис, профессор Николай Аринчин уларни периферик “юрак” деб атаган. Олим склет суяклари тортилиш пайтида микронасос вазифасини бажаришини асослаб, махсус асарлар ёзган.

Онда-сонда қисқарадиган ва нимжон мушаклар ҳатто ўзини ҳам керакли миқдорда қон билан таъминлай олмайди ва юракка қарам бўлиб қолади. Шу сабабли склет мушаклари юракнинг боқимандаси бўлиб қолмасдан, қоннинг бутун тана бўйлаб айланишини таъминлаб туриши учун ҳам бақувват бўлиши ва ҳам мунтазам қисқариб туриши лозим. Демак, юрагимиз ўз вазифасини тўлақонли бажариши йўлида кучли мушакларга муҳтож.  Бунга эса фақат жисмоний машқлар орқалигина эришиш мумкин. Шундай қилиб, ҳар куни, доимий равишда жисмоний машқларни бажариш инсон учун ҳаётий зарурат эканлигига   гувоҳ бўлиб турибмиз.

Машқлар ёрдамида мушакни мустаҳкамлаш орқали фақат юрак эмас, балки бошқа  органларнинг ҳам самарали фаолият юргизиши учун зарур шароит яратилади. Шунингдек, инсон организми жисмоний жиҳатдан чиниқиб борган сари қон таркибида одамга хуш кайфият бахш этувчи гормонлар миқдори ҳам ортиб боради. Демак, машқларни мунтазам бажариб турган одамнинг кайфияти ҳам аъло бўлади.

“Мен ҳали соғман, жисмоний машқларни кейинроқ бошлайман”, деганлар катта хато қилади. Кейин кеч бўлади. Касалликни даволашдан кўра, олдини олиш осон ва маъқулроқдир. Ҳар қандай касаллик хаста бўлган органга, бутун организмга ўз асоратини қолдириши мумкин. Агар оила аъзоларимиз билан жисмоний машқларни мунтазам бажарсак, ҳам ўз саломатлигимизни сақлаймиз, ҳам фарзандларимизга намуна бўлиб, уларни соғлом турмуш тарзига эртароқ жалб этишга эришамиз.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Дўстларингизга улашинг:

Бошқа хабарлар

Рамазон рўзасини тутмаслик жоиз бўлганлар ҳақида
САВОЛ: Сил касалига йўлиққан одамга рўза тутиш машаққатлиги маълум. Шунинг оқибатида ўтган йили ҳам у рўза тута олгани йўқ. У нима қилади?
Туя сути фойдалими ёки зарарли?
Туя сути таркибида аминокислоталар, кўп миқдорда темир моддаси тутганлиги сабабли жуда фойдали саналади. Фото: islam.kz Юқоридаги таркибий тузилмалар билан камқонликда жуда яхши самара беради. Сут таркибидаги фосфор ва ...
Қўл-оёқ нега музлайди?
Айрим кишиларда тана ҳарорати меъёрида бўлсада, ҳароратли кунларда ҳам совқотиш ҳоллари учраб туради. Ушбу ҳолат тиб тилида "термоампутация" деб юритилади.
Ордер қандай олинади?
Аввало, туман ва вилоят миқиёсидаги клиникаларда даволаниш учун беморлар дастлаб, бирламчи тиббий-санитария бўғини (ҚВП, ОП) умумий амалиёт шифокорларининг текширувидан ўтади. Текширув натижасига кўра, бемор ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтож деб топилса, туман (шаҳар) ...
Қанд касалига қарши энг яхши чора: инсулин ўрнига қаҳва…
Швейцариялик олимлар диабетга йўлиққан инсонлар учун ҳақиқий совға тайёрлашяпти, деб хабар бермоқда «Usa.one». Чунки улар бу хасталикка қарши курашишнинг мутлақо янги усулини ишлаб чиқишди. «Швейцарча усул»да бош роллардан бирини кофеин ўйнайди: бу ...
Қуёш нури терингизни куйдирдими? Осон ва фойдали даво чоралари!
Ҳар сафар баҳор, ёзда инсонни қийин аҳволга солувчи муаммо пайдо бўлади — кимдир қуёш нуридан ҳимояловчи кўзойнагини ёки лосьонини унутиб қолдиради ва териси ёқимсиз куйишларга дуч келади. Бундай жароҳат бир ...
«Соқов» касалликлар ҳақида эшитганмисиз?
Баъзи касалликлар ҳеч қандай белгиларсиз ривожлана боради, ўз вақтида олди олинмаса, жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Улар тиббиётда «соқов» касалликлар, яъни белгисиз ривожланадиган хасталиклар дейилади. Шифокорлар айнан шу касалликларни эрта босқичда ...
Хусусий тиббиёт муассасаларида бепул даволаниш мумкинми?
“Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ хусусий тиббиёт муассасаларига бир қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилган. Мазкур солиқ имтиёзлари натижасида бўшайдиган маблағлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ...
КОРОНАВИРУС: у қандай касаллик, уни юқтириб олмаслик учун нима қилиш керак? ⠀
2019 йилнинг декабрь ойида Хитойда аввал маълум бўлмаган коронавирус тури аниқланди. Касаллик ўлимгача олиб борадиган юқумли зотилжам ривожланишига олиб келади. Фото: 24 Канал Вирус ҳозиргача кам ўрганилган. Биринчи ...
Камқонликнинг 7 чораси
Қонда гемоглабин миқдорининг пастлаб кетиши организмда жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Тез-тез шамоллаш (имунитет сустлиги билан бирга) толиқиш, бош оғриқлари, хотира сустлашиши, ақлий фаолият билан боғлиқ ўзгаришлар шулар жумласидандир. Алоҳида ...
Кимларга рўза тутиш тавсия этилмайди?
Саломатлигида муаммолари бор инсонларда рўза тутиш вақтида бир қатор саволлар туғилиш табиий. Олий тоифали шифокор, эндоскопист Холида Очилова бу борада ўз тавсиялари билан ўртоқлашади. Эҳтиёт чоралари. Қуйидаги рўзадорларда учрайдиган муаммоли ҳолатлар ва ...
Рецепт ёзишни биласизми?
Рецепт расмий ҳужжат бўлиб, уни ёзган шифокор, шу билан бирга дорини тайёрлаб берган доришунос ҳам рецептнинг тўғрилиги учун юридик жиҳатдан жавобгардир. Рецептлар ягона нусхали махсус варақаларда аниқ ва равшан ёзилган ...
Умр керакмасми? Ичинг ва чекинг!
“Шу ҳам тавсия бўлдию!” деяпсизми? Тўғри, кинояли сарлавҳа. Лекин зарар эканлигини била туриб, нафсини ичкилик ва тамакидан тия олмайдиганларга яна нима дейиш мумкин? Ўзига тўқроқ, чўнтаги қаппайганлар қимматроқ ароққа ёпишади, тамакининг ...
Сут ичинг! Ёшарасиз!
Ҳаёт тасодифларга тўла. 60 ёшдан ошган отахонлардан бири маҳалла гузаридаги ариқдан сакрайман деб, эҳтиётсизлик туфайли йиқилиб тушди.
Алкоголнинг озгинаси зарар эмас, иштаҳа очгани бўлаверади. Аслида шундайми?
Спиртли ичимликлар қанчалик кўп ичилса инсульт ва инфаркт ҳавфи шунчалик ошиб бораверади. Бу ҳақиқат. Лекин баъзилар кам миқдордаги алкогол нафақат зарар, балки ишемик инсультни олдини олади, деб ҳам ҳисоблашади. У ҳолда ...