Илон заҳри билан даволаниш мумкинми?

Фото: ZooFirma.ru

Бекорга заҳарни заҳар кесади, деб айтишмайди. Илон заҳрининг хасталикларда фойдаси борлиги рост.

XIX аср бошларига келибгина тиббиётда илон заҳридан даво мақсадида фойдаланишга рухсат берилган. Қон қуюқлашиши, томирларда тиқинларнинг ҳосил бўлиши, томир деворларининг мўртлашишида, кучли оғриқларда беморни тинчлантиришда, яллиғланиш жараёнларини бартараф этишда, гематомаларнинг сўрилишида илон заҳридан кенг фойдаланилади. У ўзида оқсил, микроэлементлар, аминокислоталар ва ёғ кислоталарини сақлагани боис баъзи дори воситаларининг таркибига киритилган.

Бироқ илон заҳри билан даволаниш табиблар ҳузурида ёки уйда ўзбошимчалик билан, орқаваротдан эшитган гаплар асосида бажариладиган муолажа эмас. Чунки илоннинг турлари ҳар хил, улар турли дозаларда турлича таъсир кўрсатади. Ҳатто 0.01 мл ортиқча доза ҳам нохуш асоратга олиб келиши мумкин. Шунинг учун илон заҳри билан қўлбола усулда эмас, балки замонавий тиббиётдаги суртма ва таблеткалар таркибидагина шифокор кўрсатмаси асосида даволаниш мумкин.

Юрак касалликлари, ҳомиладорлик, аллергия, буйрак етишмовчилиги, ўт ажралиш тизимидаги муаммоларда эса илон заҳри мутлақо қўлланилмайди.

Манба: Шифо-инфо

Дўстларингизга улашинг: