Тиббиёт масканларида “Соғлом аёл ойлиги”

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизда 20 сентябрдан 20 октябргача “Соғлом аёл ойлиги” ўтказилади.

Фото: Муқимжон Қодиров

Ойликни юқори тарзда ўтказиш мақсадида, қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тиббий кўрикни юқори савияда ташкил этиш мақсадида ҳар бир жойларда кунига 300 га яқин хотин қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши учун малакали шифокорлар ҳамда патронаж ҳамширалар жалб этилган. Мактаб, коллеж ва лицейларда ҳам тиббий кўрик ва соғломлаштириш акциялари ташкил этилади. Аёллар ўртасида репродуктив саломатликни асраш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, бехатар оналик, ўсмир қизлар ўртасида учрайдиган тиббий муаммоларнинг олдини олиш борасида мулоқот ва суҳбатлар уюштирилади.

Тиббий кўриклар жараёнида аниқланган касалликлар амбулатор ва стационар шароитда даволанади. Ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтожларни республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят филиалларида соғломлаштириш режалаштирилган.