Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Сессияда тиббиёт соҳасида глобал даражадаги масалалар атрофлича кўриб чиқилмоқда. Чунончи, экологиянинг дунё халқлари саломатлигига таъсири, озиқ-овқат стандартлари, бирламчи тиббий ёрдамнинг ўрни ҳамда турли юқумли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, дори-дармон нархлари, тамаки ва алкоголь истеъмолининг зарарлари, жисмоний фаолликнинг аҳамияти, семиришнинг оқибатлари кенг муҳокама этилмоқда.

Тадбир доирасида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебреесус билан учрашди. Мулоқот чоғида Ўзбекистонда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режа ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Тедрос Гебреесус ЖССТ ва Ўзбекистон ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканини ҳамда Ўзбекистонга амалга оширилажак ташрифни интиқлик билан кутаётганини билдирди.

Ўзбекистон делегацияси Россия, Беларусь, Туркия, Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик ҳамда истиқболли режалар хусусида икки томонлама самарали учрашувлар ўтказди.

Сессия иши давом этмоқда.