Ўзбекистонда диабет касаллигини эрта аниқлаш ва профилактикаси бўйича тадбирларга старт берилди

Фото: XDP.uz

Халқаро диабет федерациясининг маълумотига кўра, дунёда 400 миллион нафардан кўпроқ катта ёшли аҳоли қандли диабетнинг иккинчи туридан азият чекаяпти. Ачинарлиси, уларнинг қарийб ярмида касаллик яширин тарзда кечмоқда. Бу аҳоли ўртасида тиббий профилактика ва скрининг тадбирларини янада ривожлантиришни тақозо этади, деб ёзмоқда  xabar.uz.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимизда қандли диабетнинг иккинчи турини скрининг қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳа доирасида мамлакатимизда олимлар,  маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида касалликни скрининг қилиш методологиясини ўрганиш бўйича экспертлар гуруҳи тузилди. Унинг таркибида дунёнинг таниқли олими Яков Пахомов ҳам бор. Пахомов томонидан ишлаб чиқилган қандли диабет иккинчи турини скрининг қилиш лойиҳаси ҳозирда Европа давлатлари ва Россияда касалликнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш бўйича энг самарали услуб сифатида муваффақият қозонган ва инсон саломатлигини асрашда муҳим натижа бермоқда, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Мазкур лойиҳа жорий йилнинг октябрь ойидан бошланади. Дастлаб Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон тумани, Бухоро шаҳри ҳамда Ғиждувон туманларидаги тиббиёт муассасаларида тажриба лойиҳаси амалга оширилади.

Ўзбекистонда қандли диабетнинг иккинчи турини скрининг қилиш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда тажриба сифатида белгиланган ҳудудларда Ўзбекистон учун тўғри ва мақбул усулни аниқлаб олишга эътибор қаратилади. Бунинг учун аҳоли ўртасида скрининг текширувлари амалга оширилади ва уларда қандли диабетнинг иккинчи турини эрта аниқлашга қаратилган турли ёндашувлар тестдан ўтказилади. Иккинчи босқичда аниқланган самарали усуллар асосида мамлакатимиз миқёсида тиббий профилактика тадбирлари амалга оширилади.

Таъкидланишича, мамлакатимизда бугунги кунга қадар шунга ўхшаш тажрибалар ўтказилган бўлишига қарамай, дунёда катта муваффақият қозонган, халқаро стандартларга асосланган бундай йирик тиббий-ижтимоий амалиёт илк бор тадбиқ этилмоқда. Ушбу муҳим тиббий-ижтимоий акция патронаж ҳамширалар ва умумий амалиёт шифокорлари иштирокида амалга оширилади.

Дўстларингизга улашинг: