Фарғонада “Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” ўтказилмоқда

Аҳолининг тиббий билим ва тафаккурини юксалтириш,  оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳар бир инсоннинг ўзи ва яқинлари саломатлиги учун масъуллигини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” ўтказилмоқда.

Фото: Муқимжон Қодиров

Айтиш жоизки, “касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал”, деган тамойил кейинги йилларда тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Ташкил этилган мазкур тадбир тиббиёт тизимида эришилаётган ютуқларни халқимизга кенг тарғиб этиш баробарида, замонавий тиббий имкониятлардан одамларнинг баҳрамандлигини оширишда ҳам муҳим қадам бўлмоқда. Ушбу тиббий-ижтимоий акция вилоятимиздаги маданият ва истироҳат боғларида ўтказилмоқда. Яъни, маданият масканларига ҳордиқ чиқариш ва сайр қилиш мақсадида ташриф буюрган одамлар боғларда ташкил этилган тиббиёт павильонларига таклиф этилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этиляпти.

Фото: Муқимжон Қодиров

Куни кеча Фарғона шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида ҳам тиббий кўрик ўтказилди. Ўтказилган кўрик давомида вилоятимиз ва Республикадаги таниқли клиникалар,шифохоналарда фаолият кўрсатувчи шифокорлар томонидан беморларга  керакли, тавсия, маслаҳат ва йўналишлар берилди.

Фото: Муқимжон Қодиров

— Бугунги тиббий кўрик давомида 105 нафар беморни кўрикдан ўтказдик-, дейди вилоят эндокринология диспансери эндокиринолог шифокори Нигора Иброҳимова. Ушбу беморлар орасидан 30 та буқоқ, 7 та қандли диабет касалликлари аниқланди уларга касаликларни даволаш бўйича маслаҳат ва кўрсатмаларни бердик. Ачинарлиси бугунги кунда аҳоли ўртасида қандли диабет касаллиги ёшариб боряпти. Бу касалликнинг олдини олиш учун фуқаролар соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаши, жисмоний тарбия, спорт билан шуғулланиши, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиб яшаши жуда муҳимдир.

Тиббий-кўрик тадбири Қўқон шаҳар маданият ва истироҳат боғида ҳам ташкилланди. / Фото: А.Деҳқонов

— Юқори нафас йўллари шамоллаши, онкологик ва урологик касалликлар ҳам  бугунги кунда аҳоли ўртасида кўпайиб боряпти. Бу касалликларнинг олдини олиш, самарали даволаш бўйича пойтахтлик ва вилоятимиз шифокорлари ҳамкорлик асосида иш олиб боришяпти. Бунда бемор шифокор учун эмас, шифокор бемор учун йўналишда соғломлаштириш тадбирлари ташкил этиляпти, -дейди Тошкент педиатрия институти клиникаси педиатр-шифокори Наргиза Абиджанова. -Бу жараёнларда махсус мастер класслар, семинар ва тренинглар ўтказилмоқда. Мақсад шифокорларнинг тажрибасини ошириб, беморларни самарали даволаш йўлларини тушунтириш,аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишдан иборат. Бугунги кўрик давомида эса 100 га яқин беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга ўзимизнинг маслаҳатларимизни бердик.

Риштон тумани боғида ташкил этилган тиббий-кўрикдан лавҳа / Фото: А.Деҳқонов

— Ушбу кўрикдан ўтиш учун Аввал қишлоғидан келдим,-дейди Салимахон Турғунова.-ёшим 55да кейинги вақтларда оёғим тез-тез оғрийдиган бўлиб қолди. Бўғимларимда ҳам оғриқ баъзан кучаяди. Ҳозир невропатолог кўригидан ўтдим. Шифокор бўғимларимда шамоллаш борлигини, турли анализлар топшириб, даволаниш ишларини бошлашим кераклигини айтди. Мен албатта шифокор маслаҳатларига амал қилиб даволаниш жараёнларини тезроқ бошлайман. Шунда танам ва бўғимлардаги оғриқлар йўқолиб яна соғайиб кетсам ажаб эмас. Шифокорларга раҳмат!

Дўстларингизга улашинг: