Тиббиётдаги муаммолар: Нега юз бермоқда?

Вилоят ҳокимининг «Вилоятда аҳолига бирламчи тиббий хизмат ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, тиббий муассасаларни малакали ва тажрибали тиббиёт ходимлари ҳамда замонавий тиббий диагностика ва даволаш асбоблари билан таъминлаш ҳамда дорихоналарда дори-дармон, тиббиёт воситаларини чекланган нархларда сотилиши устидан назоратни кучайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида аҳолига тиббий хизмат сифатини талаблар даражасига кўтариш бугуннинг долзарб масаласи эканлиги кўрсатилган.

Шунингдек, қарорда туғруқ ёшидаги аёллар ва қизларни тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олиш, касалликларни эрта аниқлаш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар мутлақо қониқарсиз, деб топилиши ҳам бежиз эмас. Чунки, қишлоқ врачлик пунктларидаги антисанитария ҳолатлари, дорилар сақланадиган музлаткичларнинг доимий ишламасликлари, патронаж ҳамширалар иши назоратсиз эканлиги аҳолининг катта эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ҳақли савол туғилади «нега аҳолининг тиббиёт ходимларига нисбатан ишончсизлиги ортмоқда? Нима учун ҳар бир хонадон дардини биладиган, касалликларни барвақт аниқлайдиган, ҳалқнинг дардига дармон бўладиган жонкуяр шифокорлар сафи озайиб кетмоқда?»

Маҳалласидаги ҳар бир кекса нуроний, туғиш ёшидаги аёллар ва болалар аҳволидан бохабар, оила аъзоларига сирдош, меҳр-муҳаббатли патронаж ҳамширалари борлигини ҳам инкор этолмаймиз. Аммо оилавий ҳамшираси кундалигини текширмайдиган, бугун қанча оилага кирдинг, қайси хонадондаги беморнинг аҳволи оғир ёки тузалмаяпти, оиладаги муаммо нима экан, деган саволни бермайдиган қишлоқ врачлик пункти раҳбарлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Поликлиника ва шифохоналаримизда нега беморлар сони ортмоқда? Ёки туғруқхоналарда жой етарли эмаслигини рўкач қилиб, ўз манфаатини кўзлаётган тиббиёт ходимлари борлигидан ҳам кўз юмолмаймиз.
Вилоятимизда ҳар куни юзлаб чақалоқлар дунёга келади. Бизга маълумки, туғруқ жараёни икки йўл-табиий ва жарроҳлик (кесерва кесиш) усули орқали амалга оширилади. Туғруқхоналарда бўлганимизда, шундай воқеаларга гувоҳ бўламизки,айрим шифокорлар туғруқ жараёни учун маълум бир миқ-дордаги маблағларни талаб қилишади. Қизиғи шундаки, мазкур норасмий «ставкалар» барча туғруқхоналарда мавжуд.
Ҳозирги давр тақозаси, туғруқхоналарда маънавий муҳитни ўзгартиришни тақоза этмоқда. Сўнгги вақтларда шифокорларимизда шаклланиб бораётган «Менинг даромадим»тушунчасига чек қўйиш фурсати етди. Чунки, шифохоналарда ҳам поликлиника сингари беморларга амбулатория хизмати кўрсатиш ёки уларни қабули йўлга қўйилиб, бундан манфаатдорлик ҳисси табора кучаймоқда.
Айрим ҳолларда одамларнинг ўзи пул бериш ҳолатларини фикри, ҳатти-ҳаракатлари орқали ҳам авж олишига сабаб бўлмоқда. Шундай экан, бундай салбий ҳолатларга маҳалла, жамоат ташкилотлари, инсонларнинг ўзлари биргаликда бар-ҳам беришлари лозим. Нима дейсиз?

Ўз мухбиримиз

Дўстларингизга улашинг: