Олимлар инсулин таблеткасини синовдан ўтказишди

Гарвард университети олимлари каламушларда янги турдаги инсулин ҳапдорисини синаб кўришди, деб хабар бермоқда «AFP». «ТАСС» ёзишича, бу ишланма миллионлаб кишиларни кунлик эмлашлардан халос қилиши мумкин, деб ёзмоқда хабар.уз

Шу пайтгача таблетка яратишга ошқозон суюқлиги инсулинни эритиб юбораётгани тўсиқ бўлаётганди. Шунинг учун бу оқсил гормонини яхшироқ ҳимоялай олувчи қобиққа эҳтиёж туғилди. Янги ишланмада ингичка ичакнинг ишқорли муҳитига тушгандан сўнггина эрувчи полимер қоплама қўлланди. Қоплама эригандан сўнг таблетканинг ичидаги инсулин организмга тушади. Тадқиқот натижалари «Proceedings of the National Academy of Sciences» («АҚШ миллий фанлар академияси материаллари») журналида чоп этилди.

Бироқ ишланма охиригача етказилган эмас: ҳали одамларда синаб кўриш керак, саноат миқёсида ишлаб чиқариш учун эса йиллар ўтади.

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича 1-тоифали диабет касаллигидан қарийб 40 миллион киши азият чекмоқда. Уларнинг организми инсулинни мустақил ишлаб чиқара олмагани боис кунига инсулин эмлашига муҳтож.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг