ЭПИДЕМИК МАРКАЗГА АЙЛАНГАН КАФЕ: 1073 нафар фуқаро музқаймоқдан заҳарланганди

2017 йилнинг 14 майида андижонлик Аброр турмуш ўртоғи Наима билан Шаҳрихон туманидаги бозордан чиққач бир оз ҳордиқ чиқариб салқинлаш учун тўхташди. Кун анчагина иссиқ, бунинг устига шундоққина сой бўйида жойлашган “Макс Крем” кафесида сотиладиган музқаймоқлар бундай пайтда айни жоннинг роҳати. Кафеда икковлон кўнгилдагидек мириқиб дам олишди, музқаймоқдан тўйиб ейишди лекин афсуски, бу ерга келиб ўзлари англамаган ҳолда хатога йўл қўйишгани, уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Эртасига тонг саҳар эр-хотин Қўштепа бозорига картошга сотиш учун отланганларида ҳам ҳаммаси бинойидек эди, бироқ орадан пича вақт ўтгач Аброрнинг соғлиги бирдан ёмонлашиб тоби қоча бошлади. Бир оз вақтдан сўнг эса хотини Наиманинг ҳам боши айланиб қорнида қаттиқ оғриқ турди. Ўтиб кетар деган хаёлда ишини давом эттираётган Наимадаги бу ҳолат ўтиб кетмади, аксинча оғриқ баттар кучайиб аёл хушини йўқотди.

Наима кўзини очганида уни тез ёрдам бўлимига олиб келиб биринчи ёрдам кўрсатишга улгуришган эди. Кейинчалик холсизликдан силласи қуриб зўрға оёқда турган Аброрга шифокорлар хотини икковида заҳарланиш аломати мавжудлигини ва бир икки кун ичида тановул қилган нарсаларини обдон эслаб кўришини айтишди.

Ўша куни “Макс Крем” кафесининг устига қулупнай солинган музқаймоғидан баҳраманд бўлган яна бир фуқаро Азиза Раимова ва унинг қизи Лайло ҳам уйга боргач тўсатдан кўнгиллари айниб, икковининг қорнида кучли оғриқ қўзғалади ва улар ҳам касалхонада заҳарланганларидан хабар топадилар. Азиза қизи билан шифохонада бир кун бекорга олти кун ўз ҳисобидан жами бир ҳафталик муолажадан сўнг аҳволи яхшиланди, бироқ Аброр ва Наимага музқаймоқ анча қимматга тушди. Уларга шифохонада кўрсатилган тиббий ёрдамдан кейин касаллик яна қайталаниб, базўр тузалди. Бироқ, заҳарланиш билан боғлик касаллик оқибатида икки ойлик ҳомиласидан жудо бўлган Наиманинг чеккан аламли изтироби уни осонликча тарк этмади.

Бугунги кунда давлатимиз хусусан Президентимиз томонидан тадбиркорларнинг жамиятда тутган ўрни юқори баҳоланиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари имтиёзлари фаолият эркинлиги қатъий қонунчилик меъёрлари билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Содда қилиб айтганда уларниг даври келди, лекин масаланинг яна бир томони борки, бу имкониятларнинг тўлови сифатида тадбиркорлар масъулиятни бўйнига олган ҳолда, ўз фаолиятини қонунийлигини юқори даражада таъминлаши, уларнинг фаолият эркинлиги хизмат кўрсатадиган истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари устига чизиқ бўлиб тортилмаслиги керак. Озиқ-овқат билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш эса тадбиркордан икки баробар кўпроқ масъулият талаб қилади. Санитария-гигиена талаблари, маҳсулотнинг белгиланган меъёрий талабларга жавоб бериши шарт акс ҳолда биргина ҳато туфайли кўплаб инсонларга зарар етиши, бевосита ҳаёти хавф остида қолиши ҳеч гап эмас.

Ўша юқорида таъкидлаганимиз Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳридаги сой бўйида жойлашган шинамгина “Макс Крем” кафесида сотилган музқаймоқни тайёрлаганлар ҳам бундан буткул бехабар, улар наздида тадбиркорлик фақат пул санашдангина иборат экан чоғи, улар сотган музқаймоқ ўн эмас, юз эмас … минглаб(!) инсонларнинг заҳарланишига, шўрлик истеъмолчиларнинг арзимас пул эвазига ўзлари билмаган ҳолда эвазига бир қатор ташвиш ва азоб сотиб олишларига сабаб бўлдилар.

2015 йил 20 апрелда берилган гувоҳномага асосан Босит Бўтаев якка тадбиркор сифатида Шаҳрихон шаҳар А.Темур кўчасида жойлашган “Макс Крем” номли музқаймоқ кафесида музқаймоқ сотиш фаолияти билан шуғулланиб келган бўлса-да, ундаги ўз касбига бўлган масъулият ва жавобгарлик ҳисси унинг кўрган фойдаси билан ҳамоҳанг тарзда ривож топмаган экан. Унинг жабрини эса 2017 йилнинг 15 май куни “Макс Крем” дан музқаймоқ сотиб олган жами… 1073 нафар беайб фуқаролар тортишга мажбур бўлишди.

2017 йилнинг 15 май куни Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасига бош айланиши, бел соҳаси ва қорин оғриғи ҳамда кўнгил айниши каби шикоят қилиб келган фуқаролар соат сайин кўпая бошлаган. Мутахассислар томонидан мурожаат қилган беморлардаги бу ҳолат ўткир ичак инфекциясидан дарак бериб, гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолати юз бергани ҳамда уларнинг барчаси айнан “Макс Крем” музқаймоғидан истеъмол қилганлари аниқлангач, зудлик билан чора кўришга киришилди.

Жумладан, Андижон вилоят ва Шаҳрихон туман ДСЭНМ ходимлари томонидан ўрганиш ишлари бошлаб юборилди ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш учун вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам ходимлар жалб қилинди, шунингдек, чақирув юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб беморларга ва маҳаллий мутахассисларга кўмак бериш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам раҳбарлар етиб келишди. “Макс Крем” кафесида сотилаётган фрейзерли музқаймоқ маҳсулотидан истеъмол қилган фуқаролар томонидан вилоят бўйича мингдан ортиқ беморларга амбулатория шароитда тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, касалликнинг асосий клиник ва симтоматик белгилари бартараф этилгандан сўнг, беморларнинг амбулатория шароитида муолажа олиш ва даволаниш учун бўлимларга босқичма-босқич ўтказилиши таъминланди.

Нега энди айнан мазкур кафеда сотилган музқаймоқдан 1073 нафар айбсиз фуқаролар заҳарланди, иссиқ кунларда аҳолининг салқиндан ҳузур қилиши роҳатланиши учун хизмат қилиши лозим бўлган сой бўйидаги мазкур ҳудуд бир кунда заҳарланиш эпидемик марказига айланди?

Маълумки, сабабсиз оқибат бўлмайди. Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича Босит Бўтаев томонидан аҳолига сотилган музқаймоқ тегишли қатъий санитария-гигиена талабларига мутлақо зид равишда, тайёрланган, ундан ташқари савдо шаҳобчаси ишчилар белгиланган тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда хизмат кўрсатиб келган. Босит ўз хонадонида умуман ноқонуний равишда музқаймоқ учун сут-кукинидан тайёрлаган қоришма 10 ва 30 литр сиғимли озиқ-овқат маҳсулотларини солиш мутлақо мумкин бўлмаган пластмасса идишларда кафега олиб келиниб фрайзер ускунаси орқали аҳолига сотилган. Бундан ташқари мазкур қоришмани тез бузиладиган маҳсулотларни ташиш учун махсус мўлжалланган автомашиналарда эмас, оддий транспорт воситасида келтирилган. Бундан ташқари кафе ичимлик суви ва канализация тармоқларига уланмай, оқава сувлар тўғридан-тўғри очиқ сув ҳавзасига ташланган. Музқаймоқ қоришмаси олиб келинадиган ва вақтинчалик сақланадиган идишлар 4 та фрейзер ускуналарининг музқаймоқ солинадиган сиғимлари ҳамда фрейзер ускуналарининг ички қисмларини ювиш ва зарарсизлантириш учун шароит яратилмаганини, ёғсизлантирувчи ва дезинфекция воситаларидан фойдаланилмаган. Қолаверса, мазкур ускуналарнинг ички қисмлари, музқаймоқ қуйиб сотиладиган криманка, фужер ва чой қошиқлари насос ёрдамида ер остидан олинадиган, сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган сув билан, шланг ёрдамида ювиб келиниб, музқаймоқ қоришмалари хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаганини, ишлаб чиқарилган вақти ва яроқлилик муддатлари ҳам номаълум бўлган хом ашёлардан фойдаланиб келинган.

Аниқланган ушбу камчиликлар, Ўзбекистон Республикаси “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунининг 16,18,24,35 моддалари, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 7,10,11,13,14-моддалари, “Умумий овқатланиш корхоналари учун санитария-гигиеник талаблар” ва “Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарига қуйиладиган гигиеник талаблар” санитария қоида ва меъёрлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 200- сонли буйруғи талабларини қўпол равишда бузилишига сабаб бўлган.

Бундан ташқари 2015 йилнинг 15 июль санасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга асосан, юридик ва жисмоний шахслар объектларни режалаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда ишга тушириш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шартлиги, шунингдек озиқ-овқат хом ашёсини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шартлиги кўрсатиб ўтилган бўлсада, Босит Бўтаев уларни четлаб ўтади ва ҳудудий давлат санитария эпидемиология назорат марказидан музқаймоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш жойи учун тегишли хулоса олмай фаолият юритади.

Одатда бу савдо шаҳобчаларида хизмат кўрсатадиган ишчилар белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари ҳам шарт ва мажбурийдир. Лекин . “Макс Крем”дагиларга бунинг ҳам алоқаси йўқ экан шекилли, кафеда ишловчи жами 4 нафар хизматчилари бундай кўрик мавжудлигидан ҳам бехабар бўлишган. Бу арзимас бўлиб кўринган нарса эса катта оқибатларга олиб келгани кейин маълум бўлди. Андижон вилоят ДСЭНМ бактериологик лабораториясида ўша куни музқаймоқдан заҳарланиб келган фуқароларнинг ошқозонидан, кафе раҳбари ва унинг ишчиси П.Паттаевларнинг бурун соҳасидан ҳамда Б.Бўтаевнинг уйида тайёрлаган музқаймоқ смесидан олинган намуналар таҳлилдан ўтказилганда уларда бир хил стафилококк вирус тарқатувчиси учрагани қайд қилинди. Одатда бу вирус, иссиқ ва совуққа чидамли бўлиб, унинг ташувчиси касаллиги ҳақида умуман билмайди. Кўпроқ ёш болалар ва ҳомиладорларда бу касалликка чалиниш мойиллиги, юқори бўлиб, ўз вақтида керакли муолажалар амалга оширилгач қисқа вақт ичида у ҳеч қандай аломатларсиз бартараф бўлади.

Лекин таъкидлаганимиз каби кафе раҳбари Боситнинг ўзи ҳам унинг ишчиси ҳам тиббий назоратдан ўтмагани учун ўзидаги касалликдан хабар топмаган боз устига вирус қандли, ширинлик кремли ва сут маҳсулотларида жуда тез ривожлангани ва вирус ташувчида касалликнинг клиник белгилари сезилмаслиги боис қисқа вақтда унинг тарқалишига замин яралиб, музқаймоқ кафесининг эпидемик марказга айланишига сабаб бўлган.

2018 йил май ойининг 10 куни жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди, жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг суд залида, судья Х.Камолов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчи Босит Бўтаевнинг қилмиши тўпланган далил ва бошқа ҳужжатлар асосида томонидан кўриб чиқилди. Аввал айбланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 186-моддаси 4-қисми “б” банди билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда, 5(беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, кейин Б.Бўтаевнинг пушаймонлиги, етказилган моддий зарарларни тўлаганлиги ва бошқа сабаблар инобатга олиниб, Б.Боситовга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у дарҳол суд залининг ўзида қамоқдан озод қилинди. Айбланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасини қўлланилиб, тайинланган жазони шартли ҳисоблаган ҳолда икки йил муддатга синов муддати белгиланди ва мазкур ҳукм ижроси судланганнинг ҳулқи устидан назорат олиб бориш унинг яшаш жойидаги ички ишлар бўлими жазони ижро этиш инспекциясига юклатилди.

Шунингдек, судланувчи Б.Бўтаевнинг жиноий ҳаракатлари натижасида манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан керакли ҳужжатларни тўплаб фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга эканликлари тушунтирилди.

Ҳалқимизда ўзингга раво кўрмаганни ўзгага раво кўрма, деган нақл бор. Саломатлигимиз эса бизнинг энг бебаҳо дунёларга алишмас бойлигимиз эканини билганимиз учун уни жуда қаттиқ асраб-авайлаймиз. Бироқ шу каби бу бебаҳо неъмат бошқа барча инсонлар учун ҳам бирдек қадрли эканини ҳам унутмаслигимиз даркор. Айниқса озиқ-овқат билан боғлиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ҳар бир шахс бунга эътиборли бўлиши, у сотаётган маҳсулотининг белгиланган санитария-гигиена талабларига мувофиқлигини таъминлаши шарт. Ҳар ҳолда арзимаган каби кўринган сабаблар билан минглаб фуқароларниг жабр чекиши, заҳарланиши ҳеч қандай қонуний- инсоний меъёрларга мутлақо тўғри келмайди. Зеро, харидорларнинг истеъмолчиларнинг пок ишончини оёқости этишга, алдашга, ҳуқуқларини поймол этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Хусниддин КАМОЛОВ, 
Жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди раиси

Манба: sarhad.uz

Дўстларингизга улашинг: