Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалига ўқишга қабул қилиш учун ўзбек ва рус гуруҳлари учун жами 100 та қабул квотаси ажратилди

Мамлакатимизнинг соғлиқни сақлаш тизими истиқболи хусусида сўз кетганда, тиббиёт муассасаларида малакали тиббий кадрларни тарбиялаш, тиббий таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш масаласи бирламчи вазифа сифатида баҳоланиши бежиз эмас.

Зеро, эртанги тиббиёт ривожи, халқимизнинг саломатлиги ва тиббий маданиятининг юксалиши соҳа ходимларининг билими, касбига садоқати ва масъулиятига бевосита боғлиқдир. Ўзининг 27 йиллик фаолияти мобайнида минглаб тиббиёт фидойиларини камолга етказган Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали бугун айни вазифани шараф билан адо этаётир. Буни олийгоҳнинг доимий изланишдаги профессор-ўқитувчилари, замон талаблари асосида тиббиёт истиқболи сари интилаётган талаба-ёшлари мисолида яққол кўриш мумкин.

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали 1992 йилда Фарғона давлат университети қошидаги “Тиббиёт маркази” сифатида ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил   29 июлдаги қарорига мувофиқ, алоҳида олийгоҳ сифатида фаолият кўрсата бошлади. Бугунги кунда филиалда “Тиббий профилактика иши”, “Олий ҳамширалик иши” ва “Касб таълими” йўналишлари бўйича 467 нафар талабалар таҳсил олишади. Коммунал ва меҳнат гигиенаси, гигиена ва жамоат соғлигини сақлаш, эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар, ҳамширалик иши назарияси ва амалиёти, ички касалликлар, жарроҳлик касалликлари ва патология асослари сингари мутахассислик кафедралари, шунингдек, 4 та фундаментал кафедраларда  100 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатаётир. Уларнинг 9 нафарини фан доктори, профессорлар, 26 нафарини фан номзоди, доцентлар ташкил этади. Дарс машғулотлари 2 та замонавий ўқув биноси ҳамда филиалнинг амалиёт базаси ҳисобланган даволаш-профилактика  муассасалари, давлат санитария-эпидемиология марказларида ўзбек ва рус тилларида олиб борилади.

Олийгоҳнинг биофизика, биокимё, тиббий кимё ва микробиология ўқув лабораториялари, шунингдек, 31 мингтага яқин китоб фонди, интернет тармоғига уланган компьютерларга эга бўлган ахборот-ресурс маркази талабаларнинг назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаш баробарида, даргоҳда китобхонлик маданиятини юксалтириш ишларида айни  муддао бўлаётир.

Филиалнинг 200 ўринга мўлжалланган 3 қаватли талабалар турар жой биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий услубда жиҳозланган. Шунингдек, спорт зали, волейбол ва футбол майдони ҳам талабалар ихтиёрида.

-Олий таълим муассасамизда таълим сифати ва самарадорлиги оширишга қаратилган халқаро ҳамкорлик борасидаги тажрибаларнинг йўлга қўйилганлиги алоҳида аҳамиятлидир, -дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Ғофуржон Султонов. -Корея Республикасининг Асфан, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург тиббиёт институтлари, Қозон федерал тиббиёт олийгоҳининг малакали профессорлари иштирокида ўтказилган имий-амалий анжуман, очиқ маъруза ва мастер-класслар талабаларнинг илғор тиббий билимларни эгаллашлари, хорижий мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги тажрибаларни ўрганишлари учун катта кўмак бермоқда. Қолаверса, филиалимизда фидойилик билан меҳнат қилаётган Муҳаммаджон Қорабоев, Эркинжон Исоқов, Фозилжон Расулов, Бахтиёр Мирзаев, Муроджон Ботиров, Шаҳноза Норматова, Манзура Ашурова сингари профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти талабаларимизга қўшқанот бўлмоқда.

Филиалнинг юксак таълим истиқболи сари интилаётган йигит-қизлари олийгоҳда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини юксалтириш, уларнинг турли йўналишлардаги иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилган эзгу ишларнинг амалий натижаси кўрсатиб турибди. Ҳар йили филиалнинг “Настарин” талабалар театр-студияси республика олий ўқув юртлари ўртасида ўтказиладиган ёшлар фестивалларида нуфузли ўринларни эгаллаб қайтаётгани, айниқса, Ибн Сино номидаги Давлат стипендияси совриндорлари Наргиза Ўралова, Хван Олек, Эъзоза Абдураҳимова, Ўзбекистон Врачлар Ассосиацияси стипендияси соҳибаси Шаҳзода Абдулазизова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендияси совриндорлари Элбек Олимов, Нурзод Холматов, Дилноза Ҳалилова сингари фаол ва изланувчан ёшлар сафи тобора  кенгайиб бораётгани фахрланишга арзигуликдир.

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг узоқ йиллик анъаналари борки, улар олийгоҳ ёшлари ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ташаббускорлик фазилатларини юксалтириш билан бирга, ўзлари танлаган шарафли ва масъулиятли касбга бўлган муҳаббат ва садоқат, фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. “Талабаликка бағишлов” анъанавий тадбири бунинг ёрқин мисолидир. Олий ўқув юртига кирган ёшлар дастлабки ўқув йили бошида талабалик қасамёдини қабул қиладилар ва бу орқали эл соғлигини сақлашдек муқаддас бурчга муносиб бўлиш учун мукаммал билим олишга, ўқиб-изланишга ваъда берадилар.

Олийгоҳда ватанимиз тарихининг муҳим саналари, миллий байрамлар катта тантана сифатида нишонланади. Бир сўз билан айтганда, талабалар нафақат тиббиёт соҳасига чексиз ҳурмат, балки миллий-маънавий қадриятларимизга эҳтиром, халқимизнинг улуғвор ғояларига садоқат, амалга оширилаётган юксак ислоҳотларга дахлдорлик руҳида тарбия топаётирлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқиш қабул қилиш тўғрисидаги” қарорига мувофиқ, жорий йил Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалига ўқишга қабул қилиш учун бакалавриатнинг “Тиббий профилактика иши” ва “Олий ҳамширалик иши” таълим йўналишларининг ўзбек ва рус гуруҳлари учун жами 100 та қабул квотаси ажратилди. Бу эса филиалнинг малакали тиббий кадрларнинг тайёрлаш борасида эзгу иши бардавом эканлигини кўрсатади.

Олийгоҳнинг илмий-амалий салоҳияти, ундаги маънавий-маърифий муҳитни кузатар эканмиз, бағрида тиб илмининг султони Абу Али ибн Синонинг муносиб авлодлари камолга етаётганига, улар тиббиётимиз истиқболига салмоқли улушини қўша олишига бўлган умидимиз янада баландлади.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА

Дўстларингизга улашинг: