«Компьютерда узоқ вақт ишлаш яқиндан кўриш хасталигининг вужудга келиши мумкин»

Бугунги глобаллашув даврида компьютер ва интернет вояга етмаган ёшлар саломатлигини тубдан ўзгартириб юборди. Компьютер ёрдамида интернетдан фойдаланувчи ёшлар соғлигини жамоатчилик назоратига олиш давр талабидир. Чунки, интернет чексиз имкониятлар маконига айланган. Бу тармоқ сўнгги вақтларда ёшларнинг ҳаётини қайсидир маънода издан чиқариб, саломатлигига путур етказмоқда.

Мухбиримиз офтальмолог — врач М.Умарчаев билан ана шу мавзуда суҳбатлашди.

-Маълумки, фарзанднинг соғлом бўлиши ҳар бир ота-онага чексиз шодлик, қувонч олиб келади. Акси бўлса-чи? Бола ногирон, наслий нуқсон билан туғилса, бу оила учун катта фожиадир. Бунинг олдини олиш ҳар бир ота-она ёки жамоатчилик назоратида эмасми? Агар барчамиз вояга етмаган ёшлар саломатлигига масъулият билан, кенгроқ мушоҳада юритиб қарайдиган бўлсак, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмас эди.

Компьютердан фойдаланувчилар эса кўпроқ кўзлари зарарланаётганлигидан зорланишади. Шу билан боғлиқ тарзда яқинда офтальмология ва оптометрия адабиётларида «компьютер кўрув синдроми» (Cоmрuter Visiоn Syndrоmer) атамаси пайдо бўлади.

-Хўш, бунинг моҳияти нимада, ундан сақланиш йўли борми?

-Кўп вақтини монитор экрани олдида ўтказувчи кишилар шикоятларини икки гуруҳга бўлиш мумкин: «кўрув» ва «кўз».

Биринчи гуруҳга кўзнинг хиралашиши, яқин масофадан узоқ масофага ва аксинча, суст қайта фокусланиш, буюмларнинг иккита бўлиб кўриниши, ўқиётганда кўзнинг тез чарчаши сингари аломатлар киради.

Кўзнинг ачишиши, қовоқ остига гўёки «қум» тиқилаётгандек бўлиши, кўз косаси ва манглайда оғриқлар, кўзни ҳаракатлантирганда оғриқ пайдо бўлиши, кўз соққаларининг қизариши иккинчи гуруҳга мансуб аломатлардир. Бу аломатларнинг бари «астенопия»-кўришнинг заифлашиши деб юритилади.

Айтиб ўтилган касаллик аломатлари видеодисплей терминалдан фойдаланувчиларнинг талайгина қисмида учраб, у асосан, экран олдида муттасил ишлаш вақтига ва ишнинг ҳусусиятига боғлиқ. Астенопия компютердан фойдаланувчиларнинг бир қисмида 2 соатдан кейин ва деярли барчасида экран олдида ишлай бошлаганидан 6 соат ўтгач кузатилади. Дисплей экранида маълумотларни ўқиш чоғида киши камроқ, маълумотларни киритиш мобайнида эса кўпроқ зарарланади. Диалог усулида ишлаганда кучли умумий  чарчоқликни келтириб чиқаради. Компьютер графикаси ёрдамида ишчи чизмалар тайёрлаш ва уларни тузатиш, айниқса, экран кичик ва ундаги деталлар зичлиги юқори бўлса, кўзга зўр келади.

Дарвоқе, компьютерда узоқ вақт ишлаш бирон-бир органик кўз касалликлари келтириб чиқармайди. Бундай иш натижасида кўриш аъзосида рўй бериши мумкин бўлган бирдан бир ўзгариш — яқиндан кўриш хасталигининг вужудга келиши ва кучайишидир.

Кишилик фаолияти дисплей экранини кузатиш билан нечоғли боғлиқ бўлса, одамлар кўриш аъзосини муҳофаза қилувчи мутахассислар ёрдамида шунчалик кўп эҳтиёж сезади. Шу сабабли кўзни компьютерга мослаштириш усули долзарб бўлиб қолмоқда. Бунда асосий тадбир — оптик кўзойнакдан фойдаланишдир.

Сўнгги вақтларда дисплей терминалдан фойдаланувчилар учун ҳилма-хил рангли кўзойнаклар пайдо бўлди. Кўпинча уларни сақлагич кўзойнаклар деб юритилади. Бироқ бу мантиқан тўғри эмас, зеро замонавий мониторларнинг экранлари нур чиқарувчи трубка электроникасида вужудга келадиган барча турдаги зарарли нурланишлардан  ишончли ҳимоя қилади. Мазкур компьютер кўзойнаклари экрандаги тасвир контрастини яхшилайди. Шунингдек, кўзнинг толиқишини камайтиради ҳамда оддий кўзойнакларга нисбатан кўзнинг турли масофада турган буюмларни кўришга мослашишини яхшилайди. Москвадаги академик С.Фёдоров номли «Кўз микрожарроҳлиги» марказида махсус релакция кўзойнаклари ишлаб чиқилди. Ана шу кўзойнакларнинг линзалари ёруғлик фильтрларидан иборат бўлиб, уларни ўтказиш спектри кўзни толиқишдан сақлаш, кўриш анализатори фаолиятини фаол тиклаш имконини беради.

Мақбул тартибот, иш ва дам олишни муайян уйғунликда олиб бориш, дам олиш вақтида кўз машқларини бажаришнинг фойдаси оптик ва сақлагич кўзойнак тутишликдан оз эмас.

Кўзда нур синдириш жараёни ҳали шаклланмаган ва ҳаддан ташқари зўриқиш яқиндан кўриш хасталагининг ривожланишига олиб келиши мумкин бўлган болалар ва ўсмирлар учун мақбул тартиботларга амал қилиш ғоят муҳим. Уч ёшгача бўлган болаларнинг видео-дисплей терминалдан фойдаланишларига ижозат бермаслик керак, зеро бу улар учун кўриш ва ҳиссий жиҳатдан ўта юқори даражада зўриқиш ҳисобланади. 3-7 ёшдаги болалар компьютер экрани олдида кунига 15 дақиқадан зиёд бўлмасликлари керак. Шунингдек мактабгача тарбия муассасаларида компьютерда ўйин машғулотлари ҳафтасига 2 мартадан ортиқ ўтказилмаслиги керак. Энг муҳими, бу машғулотлар кўз гимнастикаси билан ниҳояланиши зарур.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг