«Ўзгалар хақида ўйланг. Қон топширинг. Ҳаёт улашинг’’

Қон – бу хаёт! Қон – бебаҳо. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Маълумки, хар йили 14 июнь – Бутунжахон донорлар куни сифатида кенг нишонланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро Кизил ярим ой жамияти ва Қизил хоч федерациялари таклифларига мувофиқ барча давлатларда бу йил 14 июн- Бутунжахон донорлар кунини нишонлашга белгиланган тадбирда «Ўзгалар хақида ўйланг. Қон топширинг. Ҳаёт улашинг’’ шиори остида ўтказилиши  режалаштирилди.

Ушбу тадбирнинг бош мақсади қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишни шакллантириш. Бу кун, авваламбор, донорлик қонлари ва қон компонентларига дунё бўйлаб ошиб бораётган талабга фаоллик билан жавоб бераётган кўнгиллиларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорчилик билдиришга имконият беради. Қон  донорлиги ва унинг компонентларини ривожлантириш йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг кенг қатламини донорликка жалб қилиш борасида Миллий дастур ишлаб чиқилган. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, тиббий ҳизмат кўрсатишда бир қанча ижобий ўзгаришлар юз бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” («Почетный донор Республики Узбекистан») кўкрак нишони тўғрисида”ги 202-сонли қарорига биноан кўкрак нишони олиш учун донор ўз қонини камида 40 маротаба, қон ва унинг компонентларини 60 маротаба топшириши кўзда тутилган.  Фарғона вилояти қон қуйиш станциясининг донорлари орасида Бахром Қобилович Алимов 43 маротаба ўз қонини топшириб берганлиги сабабли уни “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан такдирлаш маросими Халқаро донорлари куни ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Юртбошимиз  Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Бу дават бизнинг олдимизга катта бир маъсулиятни қўйди. Бунга  сабаб мустақиллигимиздан кейин қон касалликлари бўйича эришилаётган ютуқлар, яъни қон касалликларини ўз вактида аниқлаш, уларга замонавий кимёвий терапияларни ўтказилиши натижасида беморларга кўплаб қон ва қон маҳсулотларига зарурият сезилади. Ушбу нормативни бажаришда давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари жумладан тиббиёт ходимлари, маҳаллий аҳоли ҳамда “Адолат социал демократик партияси” ходимлари ўзларининг беғараз ёрдамлари билан фаол иштирок этмоқда. Ўзбек халқига хос бўлган ана шундай саховат ва эзгулик хислатлари қанчадан – қанча инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 50 нафардан ортиқ болалар наслий гемолитик камқонлик билан “Д” назоратида туради ва буларга ҳар 30-35 кунда 1-2 дозадан ювилган Эр.массалар қуйилади. Биз қон қуйиш маркази бундай беморларга энг янги (4-5 кунлик) қонларни 3 марта ювган ҳолда етказиб бермоқдамиз, ювилган қон маҳсулотларини қуйишимиздан мақсад фақат бемор учун зарур бўлган эритроцитларни ажратиб олиш, юқиши мумкин бўлган ҳар хил юқумли кассалликларни ювиш мобайнида чиқариб ташлашга қаратилган. Ҳозирги кунда биз донорлар хамда бемор яқинлари билан ўзаро маслаҳатлашган ҳолатда юқоридаги хаёти давомида доимий қон қабул қилиб турадиган бемор болаларга фақат бир ёки иккита донорларнинг қонини мунтазам қуйишни тавсия этмоқдамиз. Бундан мақсад бундай болалар ҳаёти давомида 100 ва ундан ортик марта қон қабул қиладилар, ҳар бир қабул қилган қонига ҳар хил антиген- антителолар ҳосил бўлади, бунинг натижасида беморларимизда қон қуйиш мобайнида ножўя таъсирлар юзага келади, яъни қуйилган қонимизга нисбатан организмдаги ўзаро кураш пайдо бўлади. Буни олдини олиш мақсадида юқоридаги фақат доимий донорларни қонини қуйиб туришни биз йўлга қўймоқдамиз. Бундай болалардан яқин 90-95 фоизида ушбу ишлар йўлга қўйилган, қондан сўнг реакция бериш 86.7 фоизга камайтирилди.

Бу йили ҳам вилоят қон қуйиш станциясида ушбу санага бағишланган тадбир бўлиб ўтади. Беғараз донорлик акциялари ҳудудларда, олий ўқув юртларида, жамоат ташкилотларида қон хизматига ихтисослашган микроавтобуслар орқали амалга оширилади. Шунингдек, айни кунларда қон маркази мутахассислари жойларда тарғибот – ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, беғараз донорлик сафини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

А. Мустаев,

вилоят қон қуйиш станцияси бош врачи

Дўстларингизга улашинг: