Чақалоқ қачондан ўтириши мумкин?

Айрим оналар фарзандлари 4-5 ойлик бўлиши билан болалар аравачасига ўтқазиб, сайрга олиб чиқиш ҳаракатига тушишади. Ёки орқаси ва ён томонига ёстиқча қўйиб, қўлига ўйинчоқларни бериб, уй юмушлари билан машғул бўлишади. Бу яхшими ёки ёмон? Болани эрта ўтирғизиш ўсётган умуртқа ва суякларни зўриқтирмайдими?

Аввало айтиш керакки, қиз ва ўғил болаларнинг ривожланиши тубдан фарқ қилади. Эрта ўтирғазиш ўғил болалардан кўра кўпроқ қизчаларга зарарли. Аксарият педиатрларнинг фикрича, қизалоқларни тос ва думғаза суяги, шу соҳадаги мушаклар ва аъзолар тўлиқ ривожланиб улгурмасдан ўтиришга ўргатиш айрим нуқсонлар шаклланишига олиб келиши мумкин. Бу эса келгусида бепуштлик ёки туғуруқ билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Шунинг учун 6 ойликкача бўлган қизчаларни бирор нарсага суяб ўтқизиш ва ўтирган ҳолатда узоқ қолдириш мумкин эмас.

Ўғил болаларни ҳам 6 ойлик бўлгунча ўтирғизиш тавсия қилинмайди.

Олти ойлик чақалоқнинг бел ва қорин мушаклари ривожланиб улгурган бўлади. 6 ойликдан катта чақалоқлар ётиб ўйнаётган вақтида ўзи ўтирган ҳолатга ўта олса, уни шу ҳолатда бироз қолдириш мумкин. Аммо бир соатдан кўп қолдирмаслик.

Болалар ўтириб ўйнаётганда катталар назорат қилиб туриши, ён ва орқа тарафига суянчиқ юмшоқ ёстиқчалар қўйиши, девор ва қиррали жисмларга бошини уриб олишидан эҳтиётлаши лозим.

Қизларни эрта ўтирғизиш нимага олиб келади?

Баъзи болалар 6 ойлик бўлганда ҳам ўтирганда мувозанатни сақлай олмайди. Она қизчаси ёки ўғли тўғри ўтира олмаётганидан хавотирланса, педиатр билан маслаҳатлашиб, текширтириб кўриши лозим. Шифокор онага болани ўтиришга эрта ўргатишнинг салбий жиҳатларини ҳам тушунтириб беради.

Хавотирли томони шундаки, 6 ойликкача бола умуртқаси ҳали яхши ривожланмаган, вертикал ҳолатга ўрганмаган бўлади. Бу вақтда ўтиришга мажбурлаш бола учун катта зўриқиш ҳисобланади. Шу билан бирга, бу унинг умуртқа поғонасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай болаларда катта бўлганида гавдасини тўғри тута олмаслик  кузатилиши мумкин.

Кекса момоларимиз: “Эрта ўтқизилган боланинг кети қайтиб, ясси бўлиб қолади”, дейишади. Бу гапда ҳам жон бор. Чунки кичкинтойларнинг суяк ва тоғайлари юмшоқ бўлиб, кўп ўтқизилса, равон ўсмай қолиши мумкин. Ортопед мутахассислар ҳам ўсмир қизлардаги сколиоз (умуртқа қийшайиши) сабабини кичиклигида эрта ўтириш ёки мактабда партада нотўғри ўтириш билан боғлиқ, деб ҳисоблашади. Демак, ота-оналар етарли маълумотга эга бўлмаса ва чақалоқларни мустақил ўтқазишга шошилишса, келгусида уларнинг саломатлиги нуқсонли бўлишига сабабчи бўлишлари мумкин.

 Ўтира олмаса, нима қилиш керак?

7-8 ойлик боланинг мустақил ўтириш вақти етган бўлади. Агар муддатидан илгари туғилган, нимжон чақалоқлар қаддини ушлаб ўтира олмаса, уларнинг оёқ ва бел мушакларини массаж қилиш, ҳар куни 1-2 марта оёқларини эгиб-букиш, ётган жойда қўлидан ушлаб кўтарилиш машқларини бажартириш лозим.

telegra.ph