Она сути — саломатлик омили

Соғлом авлод пойдеворининг асоси — она ва бола  соғлигидир. Она ва болани боғловчи кучли омил эса муқаддас она сутидир. Машҳур табиб Абу Али ибн Сино она сутини қуёш нури билан қиёслаган. Чунки қуёш нури ҳайвонот ва ўсимликларга қанчалик зарур бўлса, бола учун эса она сути шунчалик муҳимдир.

Маълумки, эмадиган болалар фақат она сути билан боқиладиган бўлса, сунъий аралашмалар билан боқиб келинган ўз тенгқурларига қараганда тезроқ ва яхшироқ ўсиб-ўниб боради. Болани эмизиб боқишдек, анъанавий миллий усуллар қўллаб-қувватлаб борилмаса, боланинг соғлом қилиб тарбиялаш масалаларини ҳал қилиш ҳам мушкул бўлиб қолади. Модомики шундай экан, фарзандларимизни албатта эмизиб боқиш учун барча шарт-шароитларни яратиш керак.

Давлатимизнинг бир қатор қарор ва дастурларида кўрсатилган «Кўкрак сути билан боқишни рағбатлантириш» тамойиллари ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Жумладан, болалар ўртасида касалланиш ва ўлим ҳодисаларининг сезиларли даражада камайишига эришилди. Оналар ва болалар саломатлигини янада яхшилашга, болаларни эмизиб боқишга эса катта эътибор берилмоқда. Лекин шу билан бир қаторда она сути билан боқишда айрим муаммолар ҳам бор.

Асосий муаммолардан бири-аёлларимизда бола эмизишга доир билим ва тажрибаларнинг камлигидир. Улар она сути афзаллиги ва моҳиятини тушунмасликлари, эмизиш қоидаларига риоя қилмасликлари ва бошқалардир.

ОНАДА КЎКРАК СУТИ ЕТИШМАСЛИГИНИНГ САБАБЛАРИ ҚУЙИДАГИЛАРДИР ЖИСМОНИЙ  ОМИЛЛАР

-Болани кам эмизиш

-болани кечалари эмизмаслик

-болани қисқа вақт эмизиш

-болани кўкракка нотўғри тутиш.

-шиша ва сўрғичлардан Фойдаланиш.

РУҲИЙ ОМИЛЛАР

-етарли кўкрак сути борлиги

-ёки чақалоқ тўйиши ҳақида шубҳалар  пайдо бўлиши.

-хавотир бўлиш ёки тушкунликка тушиш.

-бола эмизишни ҳоҳламаслик.

-чарчаш.

-чақалоққа қўшимча суюқлик ва овқатлар бериш.

Чақалоқ организми физиологик жиҳатдан ҳали тўлиқ етилмагани, ҳазм қилиш ва модда алмашиш фаолияти яхши такомиллашмаганлиги учун унга фақат она сути тўғри келади. Она сутида 100 данортиқ керакли озиқ моддалар бўлиб, у бола эҳтиёжини фақат миқдор жиҳатидан қопламай, сифат жиҳатидан ҳам боланинг ёшига, соғлигига мос келади. Она сутидаги оқсил, ёғ, углеводлар ўз тузилишига кўра енгил ҳазм бўлади. Таркиби жиҳатидан эса, бола тўқимасига яқин туради. Она сутида оқсил, ёғ, углеводлар 1;3;6 нисбатда бўлади ва бола эҳтиёжини тўла қоплайди. Сигир сутида  эса бу нисбат 1:1:1,5 бўлиб, талайгина талабларга жавоб бермайди. Бундан ташқари, сигир сутидаги оқсил, ёғ, углевод, витамин ва минераллар дағал, катта молекулалар ҳолида бўлиб, бола организмига қийин сингийди ва болани ошқозон-ичак фаолияти учун мос келмайди.

Фақатгина кўкрак сути билан боқиш, қишда ҳам, ёзда ҳам чақалоққа фақатгина кўкрак сути бериб, унга бошқа ҳеч қандай ичимлик ва овқатларни бермаслик демакдир. Демак, чақалоғингиз ҳаётининг дастлабки олти ойида, унга кўкрак сутидан бошқа ҳеч нарса берманг, она сути фарзандингиз эҳтиёжларини қондиради. Баъзилар чақалоққа оз-моз ичимлик (сув, чой ёки шарбат) ёки овқат бериб турса ҳам бўлади, деб ўйлайдилар. Бу нотўғри фикрдир.

КЎКРАК СУТИ БИЛАН БОҚИШ:

— Чақалоғингизни ҳар хил касаллик ва инфекциялардан ҳимоя қилади.

— Чақалоғингиз нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган барча суюқлик ва озуқа воситалари билан таъмин-лайди.

— Сиз ва фарзандингиз ўртасида меҳр-муҳаббат туйғусини уйғотади ва мустаҳкамлайди.

Баъзи одамлар бола учун онада кўкрак сути етишмаслиги мумкин, деб ўйлайдилар. Бу эса асоссиз фикрдир. Деярли барча оналарда (99 фоиз) фарзандларини эмизиб тўйдира олишлари учун етарли кўкрак сути бўлади. Организм чақалоқнинг эҳтиёжи учун қанча сут керак бўлса, шунча ишлаб чиқаради. Чақалоғингизни, у неча марта ҳоҳласа шунча марта, кечасию кундузи эмизинг. Қанча кўп эмизсангиз, организм шунча кўп кўкрак сути ишлаб чиқаради.

Бола олти ойлик бўлгандан сўнг, кўкрак сутининг ўзи унинг эҳтиёжларини тўла қондира олмайди ва чақалоқ бошқа турли хил қўшимча озиқ-овқатларга муҳтож бўлади. Лекин, бунда ҳам кўкрак сути бола озуқасининг асосий қисми сифатида сақлаб қолиниши мақсадга мувафиқдир.

Ўғил болаларни ҳам, қиз болаларни ҳам 2 ёшгача эмизиш жуда муҳим давр ҳисобланади.

Ҳурматой МАҲМУДОВА,

Фарғона шаҳридаги 2-тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Дўстларингизга улашинг: