Бешариқда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда

Туманда 2013 йили барча бўлим ва тиббий хизматларни ўзида мужассамлаштирган тиббиёт мажмуаси қурилиши бошланган эди. Ўтган вақт мобайнида бу борада белгиланган вазифалар ижроси, қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун 40 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар ўрнатилмоқда. Ҳозирда шошилинч тез тиббий ёрдам, туғруқ мажмуаси, марказий лаборатория, болалар, жарроҳлик ва терапия бўлимлари самарали фаолият кўрсатаётир. Малакали шифокорлар аҳоли хизматида. Илгарилари оддий жарроҳлик амалиёти учун вилоят марказига бориларди, бугун эса мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳам шу ернинг ўзида амалга оширилмоқда.
Тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда
Болалар бўлими бошлиғи Ёрқинжон Тўрахоновнинг таъкидлашича, тиббиёт мажмуасида 58 ўринга эга замонавий мезонлар асосида жиҳозланган хоналар бор. Уч нафар малакали шифокор, 68 нафар ўрта ҳамда 31 нафар кичик тиббиёт ходимлари саъй-ҳаракатлари туфайли жорий йилнинг тўрт ойида болалар ўлими ёки оғир асоратли касалликлари билан боғлиқ бирор-бир кўнгилсиз ҳолат қайд этилмади. Марказий лаборатория бўлими “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида энг сўнгги русумдаги касалликларни аниқлаш, ташхис қўйиш ускуналари билан жиҳозланган. Бу эса беморларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имконини беради.
Бўлим бошлиғи Дилбар Мусулмонқулова, лаборантлар Сожида Худойбердиева ва Гўзал Ибрагимовалар бевосита кўз ўнгимизда Германиядан келтирилган биокимёвий анализатор аппарати ёрдамида беморга аниқ ташхис қўйишди. Беморларнинг айтишича, бундай замонавий технологиялар таҳлиллар тез, сифатли ва ишонарли бўлишини таъминламоқда.
4.JPG
– Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги комплекс чора-тадбирлар халқимиз турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилаётир, – дейди Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Абдуқаюм Тўхтақулов. – Тиббий хизмат маданиятини ошириш, аҳолига шу ернинг ўзида тўлиқ малакали хизмат кўрсатишга эришишни устувор вазифа сифатида белгилаганмиз. Янги бунёд этилган мажмуада бунинг учун барча шароитлар яратилган. Туғиш ёшидаги 56 мингдан ортиқ аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, уларнинг соғлиғи доимий назоратда. Туман аҳлини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш учун 10 ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самараси туфайли тумандаги 7 қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 1 қишлоқ врачлик пунктида ҳам барча замонавий шароитлар яратилган. Бешариқнинг энг олис ҳудудларидан бўлган Собиртепа маҳалласида яқинда фаолият бошлаган 17-қишлоқ оилавий поликлиникасини таъмирлаш ишларига қарийб 500 миллион сўм маблағ сарфланди. Оилавий поликлиникада умумий амалиёт шифокори, терапевт, жарроҳ, педиатр, гинеколог, стоматолог каби 14 нафар малакали шифокор 24 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Шифо масканида ижтимоий дорихона ташкил этилди. Тез ёрдам бригадаси учун 2 техника воситаси ажратилди. Белгиланган режага кўра, кейинги ойдан поликлиника тўлиқ ЭКГ, УЗИ аппаратлари билан таъминланади. Поликлиника қошида яна 1 тез тиббий ёрдам бригадаси ўз фаолиятини бошлайди.
Вилоятнинг энг олис ҳудудларидан бири бўлган Бешариқ туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда. Бу ҳаракатлар “Энг катта мақсадимиз – одамларни рози қилиш” деган эзгу тамойилни амалда тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Маъсуджон Сулаймонов,
Муқимжон Қодиров (сурат),
ЎзА
Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг