Бодринг —  шифосига офарин

Бодринг бир йиллик ўсимлик бўлиб, ошқовоқлилар оиласига мансуб. Бодрингнинг истеъмол қилина бошланганига олти минг йилдан ошди. Унинг ватани шимоли – шарқий Ҳиндистондир. Грекчада «оғур» сўзи « пишмаган, хом» маъносини англатади. Дарҳақиқат, тарвуз ва қовун пишганида ширин, бодрингнинг эса пишмагани қадрли ва мазалидир. Аммо пишиб ўтиб кетган бодринг ҳам шифо ўрнида тавсия этилади. Пишган бодринг ва унинг палаклари қайнатмаси жигар хасталиклари ва сариқ касаллигида яхши наф келтиради.

Ёввойи бодринг ҳам талай хасталикка даво. Бодрингнинг 95 – 98 фоизи сувдан иборат. Сув бўлганда ҳам оддий сув эмас, табиат томонидан дистилланган, тирик сув. Бодринг пешоб ҳайдовчи табиий воситадир. Унинг шираси танадан сийдик кислотасини ҳайдаб чиқариб, бўғим ва бод хасталикларига даво бўлади. Бодрингнинг сабзи ва қизилча билан аралашмаси ўт пуфаги, жигар, буйрак ва бошқа аъзоларни зарарли иллатлардан тозалайди.

Пектинлар ошқозон – ичак фаолиятини яхшилайди ва холестеринни танадан ҳайдаб чиқаради. Бодрингда калий, кремний каби моддалар бўлиб, тери, соч, тишни соғлом сақлаш ва касалланиши олдини олишда аҳамияти беқиёсдир. Бодрингда енгил ҳазм қилинадиган йод мавжуд. Бодринг кўп истеъмол қилинса, одам қалқонсимон без касалликларига чалинмайди.

Бодринг гули ҳам шифобахшдир. Гуллари қайнатмаси безгакни даволашда қўлланилади. Гарчи бодрингда дармондорилар кўп бўлмаса – да, таом ҳазм қилишда, айниқса, оқсилли таомлар ҳазмини яхшилашда нафи кўп. Гўштли таомларнинг бодрингли салатлар билан бирга дастурхонга тортилиши сабаби ҳам шунда.

Бодринг таркибида карбон сувлари, оқсил, темир, фосфор, магний, кальций, кремний, хлор, натрий, никель, алюминий, мис, рух, кумуш, хром каби маъданлар, каротин,В1, С сингари дармондорилар ва бошқа моддалар мавжуд. Бодрингнинг каттасида фойдали моддалар озроқ, кичигида эса кўпроқ бўлади. Бодринг иштаҳани очади, ёғлар ва оқсиллар сўрилишида ёрдам беради. У сурги дори сифатида ҳам ишлатилади. Айниқса, сурункали қабзиятда кони фойда.

Халқ табобатида янги шираси асабни тинчлантирувчи, меъда (ошқозон) – ичак хуружида оғриқ қолдирувчи воситадир. Унинг шираси асл асалга аралаштирилиб, истеъмол қилинса, юқори нафас йўллари ва йўталда даво бўлади. Бунда кунига 3 ош қошиқдан 3 маҳал ичилади.

Майдаланган бодринг терининг куйган жойига қўйилса, малҳам бўлади. Шираси ва сувдаги дамламаси (кўкиш қобиғи билан) юздаги баъзи пигментсимон доғларни, бўжамаларни кетказишда қўлланилади.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,

доришунос.

Дўстларингизга улашинг: