Оила-жамиятнинг таянчи

Фарзандларимиз онгида элу юртга, Ватанга муҳаббат туйғулари оилада, яшаб турган маҳаллада шаклланади. Мамлакатнинг эртанги куни, тинч ва обод бўлиши энг олдин мана шу кичик жамиятда ўсиб-унаётган болаларимизга боғлиқ. Қайси оилада, қайси маҳаллада тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб-яшнайди.
Фарзанд тарбиясини қачондан бошламоқ керак?, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Кўпчилик олимлар унга турлича жавоб бериб келганлар. Хусусан, Ибн Сино бола тарбияси билан унинг туғилишидан аввалроқ, она қорнидан бошлабоқ шуғулланиш лозим, деб жавоб берган.
Оила, одоб-ахлоқ ва таълим-тарбияга эътибор қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти қўшни ота-она” деган ибратли мақол ҳам айнан халқимизга хос. Мана шу мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғлик муҳим эканини билдиради. Маҳалла аҳли, айниқса кексалар кўчада нобоп иш қилаётган бола олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетмаган, шу заҳотиёқ танбеҳ бериб тўғри йўлга чақирган. Зеро, ҳар томонлама чиройли, одобли, гўзал хулқли бўлиш, нафсни поклашга буюрувчи муқаддас динимиз оилага катта аҳамият беради.
Оиладаги муҳит ота-она ўз маъсулиятларини ҳис қилиши билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли бўлиб улғайиши учун ота-она билан бир қаторда маҳалла-куй ҳам катта ибрат мактабидир. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган халқимиз.
Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Оиладаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш, ёқимсиз хатти-ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир қиладиган носоғлом муҳитни келтириб чиқаради.
Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муомаласи муҳим ўрин тутади. Бола ота-она томонидан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса, бу унинг табиатига салбий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида оиладаги носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Улар эса жамият маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Фирюза Мухитдинова