«Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишга тайёрман»

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг сентябрь ойида Америка Қўшма Штатларига қилган ташрифида океанортида яшаб, турли соҳаларда фаолият юритаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашган ҳамда уларни Ўзбекистонга қайтиб, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга чақирган эди. АҚШ Cоғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси Амир Маҳмудов ушбу эзгу даъватга “лаббай” деб жавоб бериб, юртимизга келди.

— Ўзбекистон Президенти билан учрашиш мен учун чинакам тарихий воқеа бўлди, — дейди у. — Шавкат Мирзиёев даврада йиғилганларга меҳр ва эътибор кўрсатиб, қўл бериб кўришди, ҳар биримизнинг ишимиз, режаларимиз билан қизиқиб, дилдан суҳбатлашди. Тўғрисини айтсам, учрашув бунчалик самимий ҳамда очиқ, дўстона руҳда ўтади, деб ҳеч ҳам ўйламаган эдим. Айниқса, Президентнинг бизни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлишга, билим ва тажрибаларимизни мамлакат ривожига йўналтиришга ундагани, бунинг учун ҳар қанча рағбат ҳамда имконият зарур бўлса, яратиб беражагини ваъда қилгани йиғилганлар қалбидаги ҳаяжонни бир неча баробар ошириб юборди, десам, адашмайман.

Учрашувдан барчамиз юз-кўзимизда илиқлик, кўтаринки кайфият, энг муҳими, ғурур ва ишонч билан тарқалдик. Шахсан мен ўз эл-юртини чин қалбдан севадиган, унинг тинчлиги ҳамда тараққиёти учун бутун борлиғини бахш этишга тайёр инсон, юксак салоҳият ва катта қалб соҳиби халқимизга бош бўлиб келганига ишончим комил бўлди, бундан чексиз фахр-ифтихор туйдим.

— Узоқ йиллар ўтиб, мана, яна Ватандасиз. Кўнглингиздан не ўйлар кечмоқда? Ушбу сафарингиздан қандай мақсадларни кўзладингиз?

— Қувончу ҳаяжонимни, қани энди, сўз билан таърифлаб бера олсам! Ватан соғинчини фақат юракдан ўтказган билади. Бир нарсани айтишим мумкин: бу дунёда яқинларинг дийдоридан, бошингни силаган онанг қўлларининг қайноқ тафтидан, отангнинг меҳр тўла илиқ қучоғидан, атрофингда қулоғингга бирдек чалиниб турган она тилинг оҳангидан азизроқ, ҳузурлироқ нарса йўқ. Шу боис одам қаерда бўлмасин Ватанини соғинади, киндик қони томган тупроққа интилади.

Менда бу интилиш доимо кучли бўлган. Бироқ, тан олишим керакки, Шавкат Мирзиёевнинг Америкадаги ватандошлар билан учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида, келажак мақсадлари, орзу-ниятлари тўғрисида ўзига хос жўшқинлик, қатъият ҳамда ишонч билан гапиргани, бизни уларни рўёбга чиқариш йўлида ҳамнафас, ҳамқадам бўлишга чақиргани қалбимдаги чўғни аланга олдириб юборди. Ўзим ўсиб-улғайган юртнинг тузини оқлаш, мамлакатимиз тараққиётига, зиғирча бўлса-да, хизмат қилиш ҳақидаги орзу-истакларимнинг ушалиши учун имконият яратилганидан беҳад хурсанд бўлдим. Шароит бўлиши билан она-юртимизга ошиқдим.

— Сир бўлмаса, Ўзбекистонда қандай ишларни амалга оширмоқчисиз?

— 1995 йилдан буён АҚШ Cоғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Касалликларнинг олдини олиш ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш агентлигида ишлайман. Муассасамиз нафақат АҚШ, балки бутун дунёда турли касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни, инсоннинг атроф-муҳитга, атроф-муҳитнинг инсон саломатлигига таъсирини комплекс тарзда ўрганади, илмий ёндашувлар асосида бу борадаги муаммоларни бартараф қилиш билан шуғулланади. Ҳозирги кунда организмда йод танқислигининг олдини олиш бўйича кенг кўламли дастурни ҳаётга татбиқ этмоқдамиз. Жаҳон бўйлаб 250 та лабораториямиз ишламоқда. Улар ташқи назорат дастурлари орқали бошқарилади. Шу билан бирга, лабораторияларга мунтазам услубий, моддий-техникавий кўмак кўрсатилади. Бундан ташқари, қўрғошин моддасининг экологияга таъсирини бартараф қилишга қаратилган яна бир дастуримиз бор. Бу йўналишда ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларида 450 дан ортиқ лабораторияларимиз фаолият юритаяпти.

Бугун бу борадаги ишларга жаҳонда талаб кун сайин ортиб бормоқда. Чунки атроф-муҳитнинг ифлосланиши, йод етишмаслиги натижасида юзага келган касалликлар туфайли ҳар йили минглаб инсонлар нобуд бўлаяпти.

Йод танқислигидан, айниқса, оналар ҳамда болаларни асраш жуда муҳим. Агар ҳомиладор аёллар саломатлигида мазкур хасталик билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлса ва у ўз вақтида даволанмаса, гўдакнинг жисмоний ҳамда ақлий ривожланиши суст кечади, ҳатто унинг ҳаётига хавф туғилиши ҳам мумкин. Йод етишмаслиги комплекс тарзда ўрганилиб, унинг олдини олиш ва даволаш чоралари кўрилмаса, бу ҳол бутун аҳоли саломатлигига таҳдид солиши, инсон қувваи ҳофизасининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда йод унсурларига бой денгиз маҳсулотлари истеъмолининг камлиги, тиббий маданиятнинг етарлича эътибор берилмаслиги оқибатида одамларда йод танқислиги билан боғлиқ хасталиклар кўп учраши сир эмас. Ушбу муаммони махсус дастур асосида бартараф этиш, соҳада юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш зарур. Ватанимизнинг эртанги куни, тараққиёти билан боғлиқ мазкур масалада қўлимдан келган барча ёрдамни беришга тайёрман. Ҳамкасбларим билан фикр ҳамда тажриба алмашсам, ғоят мамнун бўлардим.

— Юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришларга қандай баҳо берасиз?
— “Йилнинг қандай келиши баҳоридан маълум”, деганларидек, Самарқанд халқаро аэропортидаёқ одамлардаги илиқ кайфиятни ҳис қилдим. Аэропорт ходимларининг муомаласи, самимийлиги, юқори сифатдаги хизмат кўрсатиш чет эллик меҳмонларда ҳам яхши таассурот қолдирганини уларнинг гап-сўзидан англадим. Бу юртдошларимизда маданият янада юксалаётганидан, одамларнинг онгу тафаккури бойиб бораётганидан далолат беради.

Яна бир гап: Самарқандда туғилиб-ўсган бўлсам-да, шу вақтга қадар унинг кўрку жамолини баланддан кўрмаган эканман. Самолётимиз қўнаётганда кўзим тушиб, шаҳарнинг гўзаллигидан ҳайратга тушдим. Самарқандни айланиб, шуни билдимки, пухта ўйлаб амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳримиз моҳият-эътибори, кўрку салобати билан дунёнинг энг мафтункор гўшаларидан бирига айланибди.

Пойтахтдаги янгиланишлар ҳақида эса дунёнинг етакчи нашрларида қайта-қайта ёритилмоқда. Бу ерда бунёд этилаётган бизнес ва инновацион марказлар, “hi-tech” ҳамда “ақлли” шаҳарлар, замонавий ер усти метро линияси, тураржой бинолари ва спорт мажмуалари яқин йилларда Тошкентнинг нафақат ташқи қиёфасини, балки ички муҳитини, одамларнинг яшаш шароитини ҳам ўзгартиришини ҳатто хорижлик мутахассислар ҳамда экспертлар ҳам эътироф этишаяпти. Ўзбекистоннинг бош кенти келажакда Марказий Осиёнинг йирик бизнес марказига айланади, демоқда улар. Мен бу ерга келиб, амалга оширилаётган ишларни ўз кўзим билан кўриб, жорий прогнозлар кутилганидан ҳам эртароқ рўёбга чиқишига ишониб турибман.

Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларни ҳам яққол пайқадим. Одамлар ўз турмушида адолат тамойиллари устуворлиги таъминланиб, сўз эркинлиги ва демократик ислоҳотлар янада чуқурлашиб бораётганидан хурсанд. Бироқ инсонларнинг онгу дунёқарашидаги ўзгариш мамлакатда жадал олиб борилаётган ислоҳотлардан ортда қолаётгандек, назаримда. Одамларда “яхши еб-ичиб, ўйнаб-кулиб яшасам, бас”, деган догматик қарашлар ҳали ҳам бор. Кўпчилик вақтнинг қадрига етмайди. Масалан, биргина тўй ёки бирор маъракани ўтказиш учун ҳафталаб вақтини беҳуда совуради. Китобхонлик кенг тарғиб қилинаётган бўлишига қарамай, ҳали ҳам оммалашмаган. Оилавий кутубхоналар ташкил этиш ҳақида кўпчилик хонадон соҳиблари ўйламайди ҳам. Дунё тамаддуни бешигини тебратган аждодларнинг авлодларига эса бундай номақбул ҳолатлар ярашмайди…

— Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларнинг қайси жиҳатларини янада бойитиш лозим, деб ҳисоблайсиз?
— Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳозирги кунда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, халқнинг фаровон ҳаётини, жаҳонда ўз сўзи, ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш учун қилиниши лозим бўлган неки иш бор — ҳаммаси пухта ўйланиб, юксак оқиллик ҳамда кенг мушоҳада билан, узоқни кўриб амалга оширилмоқда.

Ташаббус ва таклифлар ҳақида гап кетса, шуни айтишим мумкинки, мамлакатда мактабгача таълимни дунё стандартлари асосида йўлга қўйиш, хусусий шифохоналар фаолиятини янада рағбатлантириш, катта хом ашё ресурслари ҳамда миллий анъаналарга эга бўлган тиббиёт туризмини равнақ топтириш билан боғлиқ қатор ислоҳотлар бугунгидан-да кучайтирилса, дейман. Қувонарлиси, Ўзбекистонда бу ишларнинг амалга оширилиши учун зарур ҳуқуқий база шакллантирилган, барча моддий ва маънавий имконият яратилган. Энг муҳими, одамлар олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини теран англаб, ғайрат-шижоат билан меҳнат қилса, қисқача айтганда, ушбу эзгу тадбирларда давлат раҳбарига камарбаста бўлса, самара узоқ куттирмайди — доно сарбон бошлаган карвон ўз ёруғ манзилига, албатта, етади. Бунга ишончим комил.

«Халқ сўзи» мухбири
Дилшод КАРИМОВ суҳбатлашди.

Дўстларингизга улашинг:

Бошқа хабарлар

Тиббиёт ходимлари дам олиш кунларини мазмунли ўтказдилар
Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмасида ходимларнинг дам олиш кунларини мазмунли  ташкил этиш, уларни юртимизнинг тарихий маданий масканлари билан таништириш  ҳамда ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Туман тиббиёт ходимлари Бухоро ва ...
Чилим чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун имзоланди
Президент томонидан имзоланган “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги” 15 моддадан иборат қонун имзоланди.  Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 20 июнда қабул қилинган. Сенат томонидан 2018 йил ...
Қўқонда марафон (фото)
«Саломатлик куни» муносабати билан оммавий югуриш тадбири - марафон ўтказилди, деб хабар беради Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати. Марафонда шаҳарнинг таълим, маданият, ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш ва спорт муассасалари, кўплаб ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон нотўғри овқатланишдан ўлим ҳолатлари даражаси бўйича «етакчи» бўлди
Германиядаги Фридрих Шиллер номидаги университет олимлари нотўғри овқатланиш сабаб юз берадиган ўлим ҳолатлари даражаси бўйича Европа мамлакатлари рейтингини тузишди. Тадқиқот 1990 йилдан 2016 йилгача бўлган даврдаги маълумотларга асосланади, деб хабар ...
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат аҳолисига коронавирусдан огоҳлантирувчи СМС хабарнома жўнатишни бошлади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи мобил компаниялар билан ҳамкорликда қўл телефони фойдаланувчиларига СМС хабарнома жўнатишни бошлади. Вазирлик СМС хабарномада дунёнинг турли мамлакатларида кузатилаётган коронавирус билан боғлиқ ҳолатларни назарда тутиб, ...
Шифокорларнинг рецепт ёзиш бўйича назоратини кучайтириш таклиф этилди
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида тиббиёт муассасаларида беморлар учун дори воситаларининг рецептини махсус бланкаларга ёзиш ҳақида петиция эълон қилинди. Бу ҳақда kun.uz хабар берди. Қайд этилишича, ҳозирги кунда барча соҳаларда туб ўзгаришлар ...
Абитуриентлар учун 086 шаклдаги тиббий маълумотнома пулликми?
Шу кунларда юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида 2018/2019 ўқув йили учун қабул жараёни қизғин давом этмоқда. Олий ўқув юртига ўқишга кириб малакали мутахассис бўлиб етишишни дилига туккан ҳар бир йигит-қиз ...
Алишер Шодмонов янги йилни бемор болалар ҳолидан хабар олишдан бошлади
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бугун, 2020 йил 3 январь куни туғма юрак нуқсони ҳамда онкологик касалликлар туфайли даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олди. Биринчи манзил пойтахтимиздаги Академик В.Воҳидов номли ...
Республика болалар аутизми реабилитация маркази ташкил этилиши мумкин
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Республика болалар аутизми реабилитацияси марказини ташкил этиш ҳақида петиция пайдо бўлди. Фото: sobitie.com.ua Ҳозирги кунда туғилаётган чақалоқлар орасида аутизм ташхиси қўйилганлар ҳам бор. ...
Қўқон шаҳар ҳокими экомарафонда кўчат экмоқда (фото)
Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов Европа иттифоқи молиявий кўмагида “UzWaterАware” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган экомарафонда таниқли театр актёрлари билан бирга кўчат экмоқда. – Бугунги экомарафон давомида икки мингдан ортиқ кўчат экилиши режалаштирилган. ...
Мини-футбол мусобақаси
Тошлоқ тумани Тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 2018-йил 14-апрел куни Қувасой шаҳридаги “Ахмад-ал Фарғоний” дам олиш уйида   бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлар ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича “Хотира турнири” бўлиб ўтди. Мусобақада Тошлоқ тумани Тиббиёт бирлашмасининг 7 та жамоадан иборат ...
Нега аҳолида тиббий маданият етишмайди?
Фото: uzssgzt.uz Бугунги тиббиёт тизимидаги ўзгаришлар инсонларнинг саломатлигини муносиб ҳимоялаш,уларни турли касалликлардан асраш- бахтли ва ҳотиржам, фаровон турмуш кечиришига хизмат қиляпти. Айниқса, бунда шошилинч тез тиббий ёрдам ...
Риштонда тез ёрдам автомашинаси “NEXIA” билан тўқнашиб кетди
25 февраль куни соат тахминан 12.30 ларда, 39 ёшли Н.М., “Фарғона шифо тез ёрдам” автохўжалик корхонасига тегишли “NISSAN” русумли автомашинани Учариқ-Қалайнов йўлидан бошқариб келаётганда Фарғона-Қўқон автомобиль йўлининг кесишмасида Фарғона шаҳри ...
Ногиронлик гуруҳи қандай тартибда белгиланади?​
Мамлакатимизда ногиронлиги бор фуқаролар қандай ижтимоий ҳимоя қилинади? Ногиронлик гуруҳи қандай белгиланади? Ушбу жараён канча муддат талаб қилади? Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси раҳбари Умарали НАЗАРМАТОВ бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди: — ...
Ўзбекистонда одам папиллома вирусига қарши эмлаш бошланди
Статистик маълумотларга кўра, дунёда биргина 2018 йилда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 нафардан ортиқ аёллар вафот этади. Мамлакатимизда ҳам ...