Фойдасидан кўра зарари кўпроқ…

Ихчамгина, қулай ва енгил матоҳ бўлган телефон узоқни яқин, кўнгилни хотиржам қилувчи, ҳар кимдан хабардор этувчи дастёр ёнингизда. Аммо кўп жиҳатдан ёшлар (ўқувчи, талабалар) тарбияси ва саломатлигига жиддий зарар етказаётган, қимматли вақтини ўғирлаётган бу микротўлқинли анжом – алоқа воситасининг ижобий ва салбий хусусиятларини бир тарозига солиб кўрайлик.

Телефоннинг фойдаси: хоҳлаган одамингиз билан, истаган вақтингизда, у қаерда бўлмасин, алоқа боғлаб суҳбатлаша оласиз. Содир бўлган воқеадан огоҳ, шу билан бирга, кўнглингиз хотиржам бўлади. Ишингизни тезроқ ҳал қиласиз. Лекин бу матоҳнинг юқоридаги фойдаларидан кўра, зарари кўпроқ бўлса керак?!

Аввало, телефондан чиқаётган нур инсон мия ҳужайраларига жиддий таъсир қилиб, уни турли хавфли касалликларга дучор этади. Биламизки, мия инсоннинг энг асосий бошқарув органи ҳисобланади. Телефонни ишлатиш керак, фақат меъёрида ва зарурат пайтида. Аммо бугунги кунда телефон ўсмирларимиз ҳаётидаги муҳим воситалардан бирига айланган. Кўча-кўйларда юрганимизда ажиб ҳолатларни кўриб, ҳайрон қоламиз. Ёш йигит-қизларнинг қўлидан телефон тушмайди. Аллақандай ножўя сўзлар билан жамоат жойларида ҳам юзсизларча гаплашиб турадилар. Бизнинг асл ўзбек йигит-қизларига шу хосми?

Сўнгги вақтларда «наушник», «блуте» деган матоҳларни қулоғига тақиб юриш «мода» бўлган. «Наушник» тақадида, ташқи томондан келаётган овозни эшитмайди. Бу ҳолатда кўча-кўйда юрилса, бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин-ку!

Кўпинча, бир ҳолатнинг гувоҳи бўламиз: фарзандлар ота-онасидан телефони «мода»дан қолганлиги туфайли, янги русумдагисини олиб беришни талаб қилади. Баъзи ота-оналар эса, «янгисидан бўлса, янгисидан-да», деб олиб берадилар-у, оқибатини ўйламайдилар. Ахир телефон болага нима учун керак? Мактабда, уйда ёки бошқа жойдалигини билиш учун керак, холос. Бунга телефоннинг нима алоқаси бор? Аслида, авваллари телефонсиз ҳам ҳаёт бир текисда ўтган-ку? Тўғри, ҳозир техника асри, техника имкониятлари чексиз. Телефондан фойдаланиш керак. Аммо меъёрни унутмаслик лозим. Аввало, ўзингиз ва фарзандларингиз саломатлигини асранг!

Ҳозирги кунга келиб бутун дунё уяли алоқа абонентларининг сони 1,9 мил-лиард-ни ташкил қилади. Юртимизда деярли ҳар икки кишининг бирида уяли телефон мавжуд. У орқали биз сўзлашамиз, SМS, ММS мактублар алмашамиз, интернет ва шу каби кўпгина нарсалардан фойдаланамиз. Уяли телефондан фойдаланаётган инсонга унинг таъсири 15 сонияга қадар сезилмайди. Агар сўзлашув ва фойдаланиш вақтини оширса унда яққол ўзгариш сезилади, чунки альфа тўлқинлар мия фаолиятини ёмонлаштиради ва ўзининг тўлқин хусусиятларини намоён қила бошлайди, яъни хотира, диққатни жам қилиш шу каби омилларга бир оз вақтдагина таъсирини ўтказади. Инсон танасининг электромагнит нурланишларга энг таъсирчан қисми бош бўлиб, айнан шу соҳада сўзлашув олиб борилади. Шунинг учун у инсонда нурланиш жараёни тезлашишини яна ҳам орттиради. Мутахассислар сўзлашув жараёнидаги инсоннинг қон босимини ўлчаганида ҳар хил ёшдагиларда босим кўтарилиши аниқланган, лекин шу ёшдагиларнинг ичида 12 ёш атрофидаги болаларда қон босимининг кўтарилиши бироз кўпроқ бўлган. Минг афсуски, ҳозирги кунда уяли телефон фойдаланувчиларининг аксар қисмини ёшлар ташкил қилади. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, дунёда ҳар 20 та инсондан биттаси ушбу мобиль алоқа нурланишининг қурбонига айланмоқда. 2000 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уяли телефонлар зарарига оид Европа парламентига тақдим этган ҳисоботида инсонларнинг саратон касалига чалинишида уяли телефонларнинг таъсири кучли эканини таъкидлаган эди. Немис Nova олийгоҳи мутахассислари камерали ва камерасиз уяли телефонларда электромагнит нурланиши бўйича тест ўтказишганда, камерали телефонларнинг нурланиши содда уяли телефонларга қараганда кўпроқ бўлган. Нурланиш асосан уяли телефондан сўзлашув вақтида чиқади, лекин «кутиш» ҳолатида у нурланишдан буткул халос бўлмайди, чунки уяли телефон база станциясига ўзининг тармоқ доирасида эканлиги, қўнғироқ, SМS ва шу каби маълумотларни қабул қилишга тайёр эканлиги ҳақида ахборот бериб туради. Буни тунда уяли телефонига «будильник» қўйиб, ёнида олиб ётадиган фойдаланувчилар билиб қўйишлари фойдадан ҳоли бўлмайди. Bluetooth фойдаланувчилари ҳам узоқ вақт давомида ундан чиқаётган бир неча мВт қувватнинг ҳам қулоқ ва мия фаолиятига бевосита таъсири борлигини унутмаслиги керак. Бу каби нурланишларни бутунлай йўқ қилишнинг иложи йўқ, чунки аллақачон уяли алоқа турмушимизнинг бир қисмига айланиб бўлган, лекин ундаги нурланишларни камайтиришнинг иложи бор. Бунда уяли телефоннинг турига, антеннасининг жойлашуви, узатиш қуввати, материали, фойдаланилаётган алоқа оператори, уяли телефонни ишлатиш тартибига эътибор бериш керак.

Уяли телефондан фойдаланиш тартибига келсак, уни сўзлашув вақтидаги «кутиш» ҳолатида қулоқда эмас, балки қўлда ушлаб туриш, шунингдек, метрополитенда, хизмат доирасидан ташқарида, зарур бўлмаса тунда, кераксиз пайтларда ўчириб қўйиш муҳим. Бундан ташқари, уст кийимнинг ичига солиб юриш тавсия қилинмайди. Уни иложи борича қўлда ва ён халтада олиб юриш лозим. Жамоат жойларида уяли телефондан фойдаланишни кечга сурган маъқул, чунки автобус ва одамлар гавжум жойда сўзлашганда фақат бир инсонни эмас, балки бир нечта инсонни электромагнит нурланиш билан зарарлаган бўлади. Шунингдек, уяли телефонни ёш болалардан узоқда тутиш керак.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, электромагнит нурланиш инсон организмининг марказий нерв, иммунитет, эндокринологик, жинсий тизимларига ўзининг салбий таъсирини ўтказар экан. Демак, бу каби электромагнит нурланиш ҳосил қиладиган воситалардан фойдаланишни мўътадил ҳолатга келтириб олсак, ўзимиз ҳамда наслимиз соғлигини асраган бўламиз.

uzssgzt.uz

Тиббиёт янгиликларини «Телеграм»да кузатиб боринг. 

Дўстларингизга улашинг: