Нуқсонли болаларни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал

Соғлом фарзанд дунёга келишида ҳар бир аёл саломатлиги муҳим ўрин тутади. «Соғлом она — соғлом бола» тамойили асосида мамлакатимизда ибратли ишлар амалга оширилаётгани нуқсонли болалар туғилишининг олдини олмоқда. Мухбиримиз Фарғона шаҳар болалар шифохонаси неврология бўлими мудири Мавлюдахон Аширалиева билан ана шу хусусида суҳбатлашди.

-Болаларни соғлом  дунёга соғлом келишида тиббиёт ходими нималарга эътибор бериши даркор?

-Ҳар қандай касаллик аломатларининг олдинин олишда она ва бола саломатлиги муҳим ўрин тутади. Айниқса биз, оналар соғлигига эътиборни кучайтиришимиз, қариндошлик никоҳларига барҳам беришимиз, уларни ёмон иллатлардан сақлаш, эрта турмушга узатишнинг олдини олиш, туғруқ жараёнини тўғри олиб бориш даркор.

Ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтадиган бўлсак, албатта биринчи навбатда вояга етиб келаётган қизлар, аёллар ва оналарнинг соғлиқларига эътиборни кучайтирмоғимиз зарур. Соғлом онадан — соғлом фарзанд дунёга келиши, барчага маълум. Қизларимиз вояга етиб борар экан, биз уларни ҳам келинликка, ҳам оналикка тайёрлаб боришимиз керак. Қизларда учраб турувчи анемия, ошқозон-ичак касалликлари, асаб системаси, эндокрин бези касалликлари ва турли соматик касалликларнинг олди олинса, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Аёллар ҳомиладор бўлганларидан сўнг ўз вақтида шифокор назоратида туришининг ҳам аҳамияти каттадир. Чунки ҳомиладорлик вақтида кузатиладиган токсикоз ҳолатлари, анемия, инфекцион касалликлар, турли экстрагенитал касалликлар ҳомилага ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди. Уларни ўз вақтида даволаш эса ҳомилада учраши мумкин бўлган турли нуқсонларнинг олдини олади. Кеч назоратга туриш, вақтида скрининг текширувидан ўтмаслик ва ҳомиладорлик вақтида шифокор кўрсатмаларига амал қилмаслик натижасида қуйидаги нуқсонли болалар дунёга келишлари мумкин: туғма зўрайиб борувчи гидроцефалия, микроцефалия, орқа миянинг турли қисмларидаги туғма чурралар, туғма юрак нуқсонлари, туғма катаракта, нистагм, анус артезияси, қизилўнгач атрезияси, ичаклар  атрезияси, гастрошизис, суяк тўқимаси томонидан: синдактелия, лордоз, сколиоз, полидактелия, кўкрак қафаси туғма  нуқсонлари, деформациялари, буйракларнинг бирини яхши ривожланмай қолиши ва ҳокозолар

-Агар ҳомиладор аёллар ўз вақтида диспансер назоратига турсалар ва шифокор кўрсатмасига кўра вақтида белгиланган таҳлилларни топшириб, скрининг текширувидан ўтсалар, туғилажак болаларимизда учраши мумкин бўлган турли нуқсонларнинг олдини олган бўламизми?

-Ҳа, ҳозирги кунда тиббиёт ривожланган сари замонавий текшириш усуллари ва тиббий апаратлар мавжуд. Фақат шундан тўғри ва унумли фойдаланишни билишимиз керак. Скрининг текширувидан эрта ўтишнинг мақсади ҳомилада учраши мумкин бўлган туғма нуқсонни эрта аниқлаш ва барҳам беришдир. Бундай ҳолатларда ҳомиладорлик тўхтатилади. Аёл ва эркак бирданига барча текширувлардан ўтказилиб, мутахассислар томонидан мақсадли даво муолажалари олиб борилгандан сўнггина кейинги ҳомиладорликка рухсат берилади.

Бундан ташқари жуда кўп бўлмасада ҳозирги кунда ҳам қариндошлик никоҳида туғилган ва ирсий касалликлар билан азият чекиб келаётган болаларимиз ҳам йўқ эмас. Қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида, қариндошлар ўртасида никоҳларни ташкил этилиши болаларимизни нуқсонли туғилишига ҳам сабаб бўляпти. Бундай болалар дастлаб ту-ғилганларида ҳеч қандай белгилари бўлмаслиги мумкин, аста-секин касаллик белгилари пайдо бўлади ва улар кучайиб боради. Натижада болалар жисмоний ва ақлий ривожланишдан орта қоладилар. Узоқ йиллар давомида даволанишга муҳтож бўладилар. Ачинарлиси шундаки, ирсий касалликларни ҳар қанча даволашга ҳаракат қилмайлик, касаллик ривожланиб бораверади ва ниҳоят бола тўшакка михланиб қолади. Ногирон фарзандни парвариш қилаётган аёлнинг ҳам ўзига эътибори сусаяди, соғлигини йўқотади, натижада оиладаги бошқа болалар эътиборсиз қолади. Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзалроқ. Шунинг учун имкон қадар қариндошлик никоҳларига йўл қўймаслик  мақсадга мувофиқдир.

-Ёшларимиз орасида ёмон иллатларга ўрганиб қолган, уни одат қилиб олганлар ҳам учраб туради. Бунинг ногиронликка таъсири борми?

-Ёшлар орасида ичкиликка, чекиш ва наркотик маҳсулотларни қабул қилишга ўрганиб қолганлар ҳам бор. Йигит ва қизлар балоғат ёшига яқинлашганда, улар барча нарсаларга қизиқувчан бўлиб қоладилар. Шунинг учун ота-оналардан, шу ёшда фарзандларини эъти-борсиз қолдирмасликлари, уларни бўш вақтларини камайтириш учун турли ўқув курслари ёки машғулотлар билан банд қилишлари даркор. Бирон-бир ҳунар ўрганишга жалб қилиш керакки, токи уларнинг бошқа ишларга вақти бўл-масин.

Қизларимиз ҳали аёл сифатида бир уйга бориб, рўзғор қилишга тўла-тўкис тайёр бўлмасидан, турмушга узатиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу қизнинг организми ҳали ҳомиладорликка тайёр эмас. Қиз бола турмушга чиққач келинлик, аёллик вазифалари катта масъулият ва куч-қувват талаб қилади. Бунга тайёр бўлмаган организм зўриқиши натижасида, яъни, ёш ҳомиладор организмга вақтида дам олмаслиги, вақтида тўйиб овқатланмаслиги, янги муҳитга мослашув даврини бошдан кечириши, буларнинг барчаси ҳомилага таъсир кўрсатади. Шунинг учун биз қизларни эрти турмушга чиқишларининг олдини олишимиз керак.

Аёлларимиз туғруққа тиббиёт ходимлари томонидан тайёрлаб борилиш керак. Баъзан туғруқ жараёнининг оғир кечиши, турли туғруқ травмалари, ҳомила вазнининг жуда катта бўлиши ёки ҳомиланинг тескари келиб қолиши ҳам болаларни нуқсонли туғилишига сабаб бўлади.

Натижада, бундай болалар ҳам жисмоний, ҳам ақлий ривожланишдан ортда қоладилар. Улар жуда узоқ вақтлар мобайнида даволанишга муҳтож бўладилар.

-Очиқ ва самимий суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Келгуси ишларингизда куч-қувват тилаймиз.

Суҳбатдош Иқбол АБДУЖАББОРОВ

Дўстларингизга улашинг: