Меҳридарё, қалби пок бўлган доялар меҳнатини қанчалар улуғласак-да оздир

Маълумки, 5 май ҳар йили Халқаро доялар куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Жумладан, мазкур сана мамлакатимизда ҳам соҳа ходимлари томонидан кўтаринки кайфиятда қарши олинади.

Аввало, доялар фаолияти тўғрисида тўхталганда айтиш керакки, уларнинг иши ўта масъулиятли, шунингдек, жавобгарлик ҳисси юқоридир.

Фото: Муқимжон ҚОДИРОВ

Адиблардан бири шундай деган эди, оламни қуёш ёритгани рост, одамни эса одам дунёга келтиргани рост. Албатта, бу иборанинг мазмун-моҳиятига келадиган бўлсак, унда икки жоннинг ҳаёт-мамоти ётади. У она, у чақалоқ. Ана шундай шижоатли ва матонатли дақиқаларда уларнинг ҳаётини асраб қолиш доялар қўлида эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Шу ўринда айтиш муҳимки, севимли шоирамиз Турсуной Содиқова ҳомиладор аёл тўғрисида шундай деган эди: «Аёл фарзандини дунёга келтирар экан, унинг 72 томири ва вужуди ила қалбида жўш ураётган оналик меҳри билан ёруғ дунёга келаётган чақалоқни илк бор доя қабул қилиб олади. Бу албатта, соҳа вакиласининг жасорати, қолаверса, касбга бўлган чуқур садоқатидир». Шу маънода бундай меҳридарё, қалби пок бўлган доялар меҳнатини қанчалар улуғласак-да озлик қилади. Бинобарин, бугунги кунда мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган доялар хизматини қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва БМТнинг Аҳолишунослик бўйича Ўзбекистондаги жамғармаси (UNFPA)га ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз.

Фото: Муқимжон ҚОДИРОВ

– Айни пайтда республикамиз туғруқхоналарида меҳнат қилаётган кўп сонли доялар меҳнати таҳсинга лойиқ. Ҳақиқатан ҳам улар хизмати ниҳоятда жиддийлиги билан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, касбга астойдил ёндашишни талаб этади. Бу борада мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Айниқса, БМТнинг Аҳолишунослик бўйича Ўзбекистондаги жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигидаги ишлар бундан мустасно эмас. Мазкур жамғарма Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳам биргаликда иш олиб бораётганлиги, бу албатта, дояларнинг тажриба ва малакасини оширишда, неонатал ёрдамни яхшилашда, шу билан бирга, оналар ва чақалоқларга сифатли ёрдам кўрсатишда доялар ролини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айтиш лозимки, UNFPA Ўзбекистондаги фаолиятини 1993 йилда бошлаган ва айни пайтда агентлик миллий ҳамкорлар билан тўртинчи мамлакат дастурини амалга оширмоқда (2016-2020 йиллар). Албатта, бу каби эзгу мақсадли ишлар оналар ва болалар саломатлигига қаратилган бўлиб, унинг бардавомлиги янада равнақ топишига ишончимиз комил.

Дўстларингизга улашинг: