Фавқулодда вазиятлар вазирлиги: “Ҳар бир ҳолатда тайёр туринг!”

Бурч ва шараф сўзлари – энг қийин дамларимизда зудлик билан ёнимизга етиб келувчи, оғир дамларимизда биз билан елкадош бўла оладиган инсонларга тегишлидир. Бундай инсонлар инсон ҳаётини сақлаб  қолиш учун, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ўзларини оловга ҳам, сувга ҳам ташлашга тайёрдирлар. Бундай ҳайрли касб эгалари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида фаолият юритувчи қутқарувчилардир.

Барчамизга маълумки, ўтган ХХ аср давомида йирик, табиий ҳамда техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар содир бўлган. Шунга қарамасдан, илм-фанда экстремал инқироз ва фавқулодда ҳолатларни тўлиқ қамраб оладиган тушунча ҳанузгача киритилмаган. Бундай кескин ва кутилмаган ҳолатларда, вазиятга нафақат объектив баҳо бериш, балки инсонларни бундай ҳолатни тушуниб етишлари, англашлари ва уларнинг ҳулқ-атвори назарда тутилиши даркор. Инсонлар, фавқулодда вазиятга тўғридан-тўғри гувоҳ, сабабчи ёки жабрланувчи сифатида бу каби ҳолатларга узвий боғлиқ бўлади. Айнан шу сабабли, одамларнинг кескин ҳолатларга тушишига жавобан, уларда психологик кечинмаларни юз беришини инобатга олиш зурур.

Экстремал вазиятларда руҳий зўриқишга тушиб қолган инсонларга психологик ёрдам кўрсатишда жуда муҳим бир ҳолатга эътибор бериш лозим: хақиқий офат, фавқулодда вазиятнинг таъсири тугагандан сўнг, содир этилган воқеаларни англаб олиш жараёнида бошланади. Айнан шу пайтда жабрланувчилар руҳий ёрдамга жуда муҳтож бўладилар.

Таъкидлаш керакки, жабрланувчи ва уларнинг яқинларига руҳий ёрдам кўрсатишда экстремал йўналишдаги психолог-мутахассислар иш олиб борадилар. Тушкунликка тушиб қолган инсонларга атрофида содир бўлаётган воқеа ҳодисаларини англаб етиши қийин кечади, ушбу воқеаларни англаб олмаганидан нима бўлаётганини сўзлаб бера олмайди.

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида 2014 йилда “Руҳий кўмак бериш бўлими” ташкил этилди. Фавқулодда вазиятларда инсонларга руҳий ёрдам кўрсатиш мазкур бўлимнинг асосий вазифаларидан бири деб белгиланган. Бўлим ҳали ёш бўлишига қарамасдан, унинг ходимлари фавқулодда вазиятларда иштирок этиб, руҳий зўриқишга тушиб қолган жабрланувчиларга ҳамда қутқарувчиларга ёрдам кўрсатдилар.

Жумладан, қутқарувчилар билан индивидуал суҳбат ва консультация ўтказилиб борилди. Қолаверса, қутқарувчилар фаолиятида руҳий эмоционал зўриқишларнинг олдини олиш ҳамда уларни турли кутилмаган ҳодисаларга тайёр туришлари учун Руҳий кўмак бериш бўлими психологлари томонидан тренинг ҳамда релаксация сеанс-машғулотлари ўтказилиб борилди. Иш жараёнида турли психокоррекцион ва терапевтик методлардан фойдаланилди. Ушбу фаолиятнинг негизида асосан стресс ҳолатларнинг олдини олиш биринчи ўринда туради. Бўлим мутахассислари қутқарувчиларнинг мураккаб шароитли фаолиятида ностандарт ҳолатларга руҳий жихатдан тайёр туришларини таъминлашга харакат қилдилар.

Ҳар биримиз қачондир ҳаёт тасодифларига дуч келганмиз. Кўпинча, бундай ҳолатлар кескин тус олиб, яқинларимиз ёки ўзгаларнинг ёрдамисиз руҳиятимизда кечаётган хиссиётларни енга олмаймиз. Айниқса, қадрли инсонларимизнинг вафоти, яқинлар билан муносабатларнинг бузилиши, ажрашиш ҳолатлари бунга мисол бўла олади. Бундай вазиятларда, тушкунликка тушган инсонлар турли дори воситаларни ёки спиртли ичимликларини истъемол қилишни афзал кўришади. Узоқ вақт давом этадиган кучли эмоционал босим ва мудҳиш кечинмалар турли ҳил психосоматик бузилишларга олиб келади: ошқозон хасталиги (язва), 12 бармоқли ичакнинг фаолияти бузилиши, ич кетиши, босимнмнг ошиши, юракнинг ишемик касаллиги ҳамда гипертония. Кўпинча фавқулодда ҳолат оқибатида узоқ давом этадиган – атроф муҳитга нисбатан нафрат, қайғу, қўрқув, жаҳл, ранж-алам, депрессия каби ҳолатлар кузатилади. Бундай стресс ҳолатларини бошидан кечирган инсонлар кўпинча шифокорнинг доимий мижозига айланиб қоладилар.

Шундай қилиб, Сиз кучли эмоционал ҳолатни бошдан ўтказдингиз – дил азоби, жаҳл, нафрат, виждон азоби, қўрқув, ваҳима ва бошқалар. Бундай ҳолатларда кучингизни сақлаб қолиш, кечаётган “босимларни енгиш ” учун керакли шароитларни яратиш лозим. Бундай  ҳаракатлар ўзингизни қўлга олиб, фавқулодда ҳолатларда жуда керакли бўлган кучингизни сақлаб олишга ёрдам беради. Бунинг учун, 6 та оддий услублардан фойдаланиш мумкин.

  1. Жисмоний меҳнат билан шуғулланинг: мебель жиҳозларини жойини алмаштиринг, уй тозаланг, боғда ишланг.
  2. Жисмоний машқларни бажаринг: югуринг, ёки бирон бир масофани ўрта мейёрда юриб ўтинг.
  3. Контраст душ қабул қилинг.
  4. Овозингизни чиқариб бақиринг, оёқ билан ерни уринг, керакмас чинниларни синдиринг.
  5. Йиғлаб олинг, ўзингизга яқин инсонларга дардингизни айтинг.
  6. Спиртли ичимликларни кўп истъемол қилманг, бундай харакат вазиятни янада қийинлаштиради.

Кўриб турганингиздек, кўрсатиб ўтилган машғулотлар психологик услублар қаторига кирмайди, кўпинча кишилар шунга ўхшаш машғулотларни интуитив бажаришади. Мисол учун: аёллар турмуш ўртоғи ёки фарзандидан жаҳли чиқса, жанжал келиб чиқмаслиги учун дарров уй юмишларини бажаришга киришиб кетадилар; эркак кишилар эса, ғазаб ёки жаҳли чиқса спорт залдга бориб жисмоний машғулотлар билан шуғулланади; ишдаги келишмовчиликларни яқин кишимизга айтиб енгиллашамиз. Бундай харакатлар психосоматик бузилишларнинг олдини олади, инсоннинг психологик ҳолатини нормаллаштиради ҳамда руҳият ва саломатик функцияларга салбий таъсир кўрсатадиган кечинмаларни пайдо бўлишининг олдини олади.

Психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий вазифаси фавқулодда вазиятлар оқибатида негатив ҳолатларнинг олдини олиш, янги шароитга мослашув жараёнини англаш, шахснинг адаптив ва компенсатор ресурсларини активлаштириш каби ишларни амалга оширади. Жабрланувчиларга самарали психологик ёрдам кўрсатиш натижаси бу – экстремал, ноодатий вазиятларда инсоннинг руҳий ҳолатини нормаллаштиришдир.

Ж.Рахимова, 

руҳий кўмак  бериш бўлими  бош мутахассиси 

Дўстларингизга улашинг: