Рентген кристаллография қандай фан?

Нобель мукофоти 1901 йилдан то бугунга қадар 923 кишига насиб этган. Совриндорларнинг асосий қисми физика, кимё ва тиббиёт йўналишлари ғолибларидир. Бу бежиз эмас.

Ҳозир физика, кимё ва тиббиёт ривожи ҳар бир мамлакат тараққиётининг асоси сифатида намоён бўлмоқда. Ривожланган давлатларда, аввало, шу уч соҳага эътибор юксак даражада. Бу фанларни бирлаштирувчи йўналишлардан бири рентген кристаллография бўлиб, қизиғи, биргина шу тармоқдаги изланишлари туфайли ҳам кўплаб олимлар Нобель мукофотига лойиқ кўрилган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Рентген нури (x-ray) кашф этилиши ва физика, кимё, тиббиёт соҳаларида қўлланилиши натижасида охирги юз йилда жуда тез тараққий этиб, бошқа муҳим тармоқлар ривожига бевосита ҳисса қўшмоқда.

Вильгельм Конрад Рентген (Фото: Википедия)

Биринчи Нобель мукофоти айнан шу йўналишга бутун умрини бағишлаган немис олими, Швейцария юқори технологиялар институти ва Цюрих университети профессори Вильгельм Конрад Рентгенга берилиши тасодиф эмас. Шундан сўнг фуллерен нанотрубкаси яратилди ва тиббиёт ҳамда нанотехнологияда кенг қўлланилмоқда. Ажабланарлиси, фуллерен яратувчисини жамият дастлаб руҳий касалга чиқарган, сўнг кашфиёт қиймати англангач, ихтирочига Нобель мукофоти тақдим этилган. Айни кунларда бу соҳага нафақат кимё, физика, тиббиёт, балки архитектура, қишлоқ хўжалиги ва ҳатто астрономия фанларида ҳам мурожаат қилинмоқда.
Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино каби буюк аллома боболаримиз бундан бир неча асрлар олдин мазкур соҳа истиқболини ўз асарлари ор¬қали башорат қилганлар. Жумладан, ЮНЕСКО ва Халқаро кристаллографлар иттифоқи (IUCr) маълумотига кўра, «Рентген нури кашф этилишидан 900 йил олдин баъзи минералларнинг кристалл тузилиши классификациясини тузган ва алкимёгарлар ғоясини биринчи бўлиб илмий инкор қилган буюк олим Абу Али ибн Сино» экан. Рентген кристаллографияга XX асрнинг энг улкан инновацион ютуқларидан бири, илмнинг сирли тилсимларини очган фан, дея таъриф берилган.

Қолаверса, фармаколог ва шифокорлар бугун дунё аҳолисига кескин хавф солаётган вируслар(ВИЧ, гепатит, парранда, чўчқа гриппи, эбола, зика ва ҳоказо)га қарши курашда уларнинг кимёвий тузилишини рентген структуравий таҳлили орқали аниқлашга муваффақ бўлаётганини эътироф этишмоқда.
Рентген кристаллография ҳақида битта мақолада батафсил маълумот бериб бўлмайди. Шунинг учун унинг энг асосий жиҳатларига қисқа тўхталамиз.

Кристаллография фани нимани ўрганади? У қаттиқ ҳолатдаги моддалар тузилиши ва уларнинг классификациясини тадқиқ этади; моддаларнинг структураларини қўшимча воситасиз аниқлайди. Бу фанда атомлар орасидаги кимёвий боғлар ва боғларнинг хоссалари ўрганилади. Бу эса модда хоссаларини аниқ билиб олиш имконини беради.

Кристаллография нафақат моддалар тузилиши, балки бундан келиб чиққан ҳолда унинг янги хоссаларини топишга ёрдам беради. Дори-дармон саноатида ҳам кристаллография фанига мурожаат этмасликнинг иложи йўқ. Маълум бир бактерия ёки вирусга қарши самарали курашувчан янги дори яратишда доришунослар, аввало, вирус оқсилларини блоклаб қўядиган, яъни зарарсизлантирадиган кичик молекулани топишга интилади. Фаол оқсиллар тузилишини аниқлаш олимларга таъсирчан дорилар яратишда асқотади. Кристаллография бу муаммоларни ҳал этишда энг яхши натижа бераётган муҳим йўналишлардан биридир.
Олимлар соғлиқни сақлашдаги муаммолар кейинги ўнйилликда ўта долзарб масалага айланишини таъкидлайди. Ҳали ВИЧ/ОИТС вируси, безгак кабиларга қарши курашадиган вакцина топилмаган. Рентген кристаллографиядан фойдаланиб, мавжуд вирус таркибидаги моддалар тузилишини ўрганиш ва дори-дармон яратиш одамлар саломатлиги ва фармацевтика компаниялари иқтисодий барқарорлигига ҳисса қўшади.

Шаҳобиддин АДИЗОВ

Дўстларингизга улашинг: