Қандли диабет ҳақида ҳамма билиш шарт бўлган фактлар

Диабетга чалинган кишиларнинг тўғри овқатланиши, даволаниши ва ҳаёт тарзини қандай юритиши ҳақида кўплаб афсоналар мавжуд. Қуйида сизларга уларнинг баъзилари тўғрисида профессор Абдуқодир САТТОРОВнинг батафсил маълумотларини тақдим этамиз.

Диабетга чалинган кишилар ширинликни умуман тановул қила олмайди?!

Торт бўлаги ёки печенье саломатлигингизга зарар етказмайди. Аслида, иккинчи турдаги диабетга чалинган кишилар нормал соғлом озуқага қўшимча равишда муайян миқдорда ширинлик истеъмол қилиши мумкин. Рациондан ширинликларни чиқариб ташлаш зарур чора бўлмаса ҳам уларнинг истеъмолини чеклаган маъқул, албатта. Бунда ширинликларни паст калорияли маҳсулотлар, масалан, товуқ тўши ёки брокколидан кейин тановул қилган маъқул.

Диабетни бошқа кишидан юқтириш мумкин?!

Диабет инфекцион ва юқумли касаллик эмас. Олимлар организмда диабетга олиб келувчи бузилишларни нималар келтириб чиқаришини ҳамон аниқ билмайди, бироқ диабет бошқа одамга шамоллаш ёки грипп каби юқмаслиги аниқ. Шунга қарамасдан, иккинчи турдаги диабет авлоддан-авлодга ўтиш хавфи мавжуд. Шунинг учун агар оилада кимдир қандли диабетга чалинган бўлса, демак, шу оила аъзоларида диабетнинг ривожланиш хавфи ҳам ошади.

Диабет асоратларининг олдини олиш мумкин эмас!

Бу нотўғри. Олиб борилган тадқиқотлар диабет асоратларининг олдини олиш ёки уларни кейинроққа чўзиши мумкинлигини кўрсатди. Бунинг учун қондаги глюкозанинг муайян миқдорини ушлаб туришга ва мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтишга ҳаракат қилиш керак. Иккинчи турдаги диабетга чалинган кишиларнинг кўпчилигида артериал қон босими ва холестерин миқдори кўп бўлади. Асаб тизими ва буйраклар шикастланишини кейинроққа чўзиш учун ушбу параметрларни кузатиб бориш лозим, холос.

Диабет кўп миқдорда ширинлик истеъмол қилиш туфайли пайдо бўлади!

Йўқ, шоколад ишқибозлари қандли диабетга чалиниши даргумон. Ушбу касаллик генетик ва кишининг ҳаёт тарзи билан боғлиқ факторлар жамланмасидан ривожланади. Шулардан бири — ортиқча вазн. Агар оилангизда кимдир қандли диабетга чалинган бўлса, соғлом маҳсулотларни истеъмол қилинг ва вазнни назорат қилиб бориш учун жисмоний машқларни бажаринг.

Диабетга чалинган кишилар спорт билан шуғуллана олмайди?!

Аксинча, жисмоний юклама диабетни даволашда энг муҳим омил ҳисобланади, чунки у инсулиндан самарали фойдаланиш ва вазнни камайтириш имконини беради. Афсуски, ушбу самарали воситадан ҳамма ҳам фойдаланмайди. Диабетга чалинган кишиларда ёшидан қатъи назар, у ёки бу даражада жисмоний юклама бўлиши лозим.

ҚАНДЛИ ДИАБЕТНИНГ 1-ТУРИ

Хасталикнинг ушбу тури болалар ва ўсмирлар орасида энг кўп тарқалган эндокрин касаллик ҳисобланади. Бу дард билан касалланиш даражаси маълум бир ирқий гуруҳга оидлик, мамлакатнинг географик жойлашиши, иқлим шароитлари ва атроф-муҳит омилларига, хусусан, овқатланиш турига қараб сезиларли фарқ қилади. Охирги ўн йил ичида эпидемиологик тадқиқот натижаларига кўра, қандли диабетнинг 1-тури билан касалланиш, айниқса, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ортиб бормоқда.

Ўзбекистон бўйича ушбу касалликка эрта ташхис қўйиш, инсулин таъминотининг яхшиланганлиги ва дозаларининг оптималлаштирилганлиги, болаларни ўз-ўзини назорат қилиш усулига ўқитиш амалиётга фаол жорий қилинганлиги туфайли уларда ўлим ҳолатлари 98-99,5 фоизга, ўсмирлар орасида 98-100 фоизга прогрессив равишда камайганлиги таъкидланмоқда.

Сўнгги йилларда амалга оширилган жуда кўп тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 1-тур қандли диабет — аутоиммун касаллик бўлиб, атроф-муҳитдаги патогенетик омиллар (токсин, вирус) панкреатин бета-ҳужайраларни шикастлайди. Бета-ҳужайраларнинг 70-80 фоизи шикастлангандан кейин хасталикнинг клиник манзараси намоён бўлади.

Қандли диабетнинг 1-турини даволаш  парҳез сақлаш, жисмоний ҳаракатлар ва инсулинотерапиядан иборатдир.

ҚАНДЛИ ДИАБЕТНИНГ 2-ТУРИ

Хасталикнинг бу тури билан оғриган беморларнинг кўпчилигида гликемия назоратини узоқ ва самарали даражада ушлаб туриш ҳанузгача қийин кечаётган муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Бу турнинг специфик асоратлари қон-томир тизимидаги ёндош касалликлар билан бирга келиши, қандни пасайтирувчи терапияни тўғри танлашни янада қийинлаштиради. Бундай вазиятларда даволашнинг самарали усули бу инсулинотерапиядир. Бироқ беморда инсулин препаратлари қўлланилганда кўпинча гипогликемик ҳолатлар ва тана массасининг ошиши кузатилади.

ПАРҲЕЗГА ОИД ТАВСИЯЛАР

Кундалик рациондан енгил сингувчи углевод сақловчи маҳсулотлар (шакар, асал, ширин кондитер маҳсулотлари, мураббо, ширин ва газли сунъий бўёқли ичимликлар) чиқариб ташланади.

Углеводли маҳсулотларнинг шундай турлари борки, уларни истеъмол қилгандан сўнг қонда қанд миқдори ошмайди. Уларга бодринг, помидор, редиска, шолғом, сабзи, қовоқ, салат барглари, кўкатлар киради. Дуккакли маҳсулотлар эса энг углеводга бой ҳисобланади. Бироқ уларни истеъмол қилгандан кейин қондаги қанд миқдори жуда юқори бўлиб кетмайди. Шу сабабли агарда бемор ушбу маҳсулотларни меъёрида истеъмол қилса, (масалан 200 граммдан ошмаса) уларни ҳисобламаса ҳам бўлади. Сабзавотлардан картошка ва маккажўхорини, албатта, ҳисобга олиш зарур.

Инсоннинг табиий ширинликка бўлган эҳтиёжини беморлар қанд ўрнини босувчи воситалар ёрдамида қондириши мумкин. Улар ширинликсиз тура олмайдиган инсонларга тавсия этилади.

Бир кеча-кундузлик қувват миқдори қуйидаги калория ҳисобига қопланиши лозим:

углеводлар — 55-60 фоиз;

оқсиллар — 15-20 фоиз;

ёғлар — 20-25 фоиз.

Тўйинган ёғ кислоталар 10 фоизгача чегараланади. Улар моно ва поли — тўйинган ёғ кислоталар билан алмаштирилади. Уларнинг нисбати (1:1:1).

Мактаб ёшигача бўлган болаларда тўйинган ёғ кислоталарини истеъмол қилиш чегараланмайди.

ЖИСМОНИЙ ВАЗИФАГА ОИД ТАВСИЯЛАР

Жисмоний вазифалар тартиби индивидуал равишда танланади. Чунки бу жисмоний юкламалар инсулинга сезгирликни оширади ва гликемия даражасини камайтиради. Натижада бфеморда гипогликемия ривожланишига олиб келиши мумкин. Жисмоний иш жараёнида гипогликемия хавфи ошади ва оғир вазифадан сўнг 12-40 соат давомида сақланади.

Бир соатдан ортиқ давом этмайдиган енгил ва ўртача жисмоний вазифа бажаришдан олдин ҳамда машғулотдан сўнг бемор қўшимча углеводлар қабул қилиши керак  (Ҳар бир 40 дақиқали машғулотга 15 г енгил сингувчи углеводлар тавсия этилади).

Бир соатдан ортиқроқ ўртача жисмоний машқ давомида ва беморнинг жадвалли спорт тури билан шуғуланишида эса инсулин миқдорини жисмоний вазифа бажариш вақтида ва ундан кейинги 6-12 соатда 20-50 фоизгача камайтириш керак. Қондаги глюкоза даражасини беморга жисмоний вазифадан олдин ва уни бажариш вақтида ва ундан сўнг аниқлаш лозим.

Энг муҳими, ҳар қандай шароитда ҳам шифокор маслаҳати билан иш кўриш тавсия этилади.

hordiq.uz

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг